12 101.840 so‘m

increase

53.000

13 811.830 so‘m

increase

70.130

153.750 so‘m

increase

0.870

12 101.840 so‘m

increase

53.000

2 соат аввал
Иқтисодиёт
39

TBC OLX Uzbekistan’нинг назорат пакетини сотиб олишни якунлади

OLX Uzbekistan’нинг 100 фоиз улуши TBC Bank Group ва Titan Investments тузган қўшма корхонага ўтди. 

TBC платформани ўз экотизимига босқичма-босқич интеграция қилиб, унинг фойдаланувчиларига молиявий ва тўлов хизматларини таклиф этишни режалаштирмоқда. 

Битим қиймати очиқланмаган, OLX эса мавжуд бренди остида мустақил фаолиятини давом эттиради. 

TBC OLX Uzbekistan’нинг назорат пакетини сотиб олишни якунлади

TBC Bank Group 24 июль куни OLX Uzbekistan’нинг назорат пакетини сотиб олиш жараёни якунланганини маълум қилди.

Битим доирасида TBC Group халқаро инвестиция холдинги Titan Investments билан қўшма корхона тузди. Ушбу корхона OLX Uzbekistan оператори — “OLX Classifieds” компаниясининг 100 фоиз улушини OLX Group’дан сотиб олди.

OLX Group глобал технологик инвестор Prosus таркибидаги эълонлар бизнеси ҳисобланади. TBC Bank Group қўшма корхонада 50 фоиз ва яна битта акцияга эгалик қилади. Шу тариқа, TBC OLX Uzbekistan устидан назоратни қўлга киритди, Titan Investments эса қолган улуш эгасига айланди.

Битимнинг молиявий шартлари, жумладан, OLX Uzbekistan учун тўланган сумма ошкор этилмади.

Битим қарийб бир йил давом этди

OLX Uzbekistan’ни сотиш бўйича келишув илк бор 2025 йил 21 августда эълон қилинган. Ўшанда битим якунланиши Ўзбекистон регуляторларининг рухсатига боғлиқ экани билдирилган эди.

Рақобат қўмитаси харид бўйича аризани кўриб чиқиб, 2026 йил 5 июнда битимга олдиндан розилик берди. Регулятор ҳужжатларида харидор сифатида Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган “Tapuz Limited” компанияси кўрсатилган.

Шу тариқа, келишув эълон қилинганидан битим ёпилгунига қадар 11 ойга яқин вақт ўтди.

Рақобат қўмитаси TBC учун бир қатор шартлар қўйди

Рақобат қўмитаси битимни баҳолашда TBC Bank Group Ўзбекистонда TBC Bank ва Payme’га билвосита эгалик қилишини ҳисобга олди. Бундан ташқари, Payme ва OLX рақамли платформалар соҳасида устун мавқега эга корхоналар рўйхатига киритилган.

Шу сабабли битимга рақобат муҳити ва фойдаланувчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мажбурий шартлар билан рухсат берилди. Жумладан, янги мулкдорлар:

  • TBC назоратидаги бошқа рақамли платформалар орқали OLX’дан фойдаланиш шартларига бир томонлама ва асоссиз таъсир кўрсатмаслиги;
  • OLX’да тўпланадиган маълумотлардан TBC Bank ёки Payme рақобатчиларининг фаолиятини чеклаш учун фойдаланмаслиги ва уларни ошкор қилмаслиги;
  • устун мавқени суиистеъмол қилмаслиги ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини камситмаслиги;
  • OLX’даги хизматлар учун тўловларда фойдаланувчиларни фақат Payme ёки TBC Bank иловаларидан фойдаланишга мажбурламаслиги;
  • бошқа тўлов хизматларига ҳам тенг шароит яратиши керак.

Бу талаблар TBC’нинг OLX аудиториясига молиявий хизматларни таклиф қилиш имкониятини бутунлай чекламайди. Бироқ гуруҳ платформани ўз банк ва тўлов маҳсулотлари учун ёпиқ каналга айлантира олмайди: фойдаланувчиларда бошқа хизматларни танлаш имконияти сақланиши керак.

OLX алоҳида платформа сифатида қолади

Мулкдорлар алмашганидан кейин OLX Uzbekistan мавжуд брендини сақлаб қолади ҳамда очиқ ва мустақил эълонлар платформаси сифатида ишлашда давом этади. Уни TBC Bank иловасига қўшиб юбориш ёки алоҳида бренд сифатида тугатиш режалаштирилмаган.

Айни пайтда TBC Uzbekistan келгусида OLX орқали молиявий ва тўлов хизматларини таклиф қилишни режалаштирмоқда. Компания айнан қандай маҳсулотлар жорий этилиши, уларнинг ишга туширилиш муддати ёки интеграция модели ҳақида ҳозирча батафсил маълумот бермади.

Бундай хизматлар автомобиль ва кўчмас мулк эълонлари билан боғлиқ молиялаштириш, товарлар учун тўлов ёки бошқа банк маҳсулотларини қамраб олиши мумкин. Бироқ TBC ҳозирча аниқ маҳсулотларни эълон қилмагани сабабли, булар эҳтимолий йўналишлар сифатида қаралиши керак.

TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани харид гуруҳнинг бизнесни диверсификация қилиш стратегиясининг бир қисми эканини таъкидлади. Унинг айтишича, OLX TBC’га тез ривожланаётган янги сегментга кириш, миллионлаб фойдаланувчиларни қамраб олиш ва мижозларнинг рақамли экотизимдаги фаоллигини ошириш имконини беради.

“Биз OLX’ни ноёб ва ишончли қилган жиҳатларни — очиқ ва мустақил платформани сақлаб қоламиз, айни пайтда фойдаланувчилари учун янги маҳсулот ва хизматлар яратамиз”, деди Курдиани.

Унинг сўзларига кўра, TBC ва Titan Investments OLX фойдаланувчилари учун янги маҳсулот ҳамда хизматларни биргаликда ишлаб чиқади.

OLX Ўзбекистон интернет аудиториясининг қарийб 17 фоизини қамраб олади

ТБCънинг битим якунлангани ҳақидаги сўнгги маълумотига кўра, OLX Uzbekistan ойига 5 млн нафардан ортиқ фаол фойдаланувчига эга. Платформада товарлар, хизматлар, автомобиллар, иш ўринлари ва кўчмас мулкка оид 2 млн дан ортиқ фаол эълон мавжуд.

OLX мамлакатдаги энг кўп ташриф буюриладиган ўнта сайт қаторига киради ва Ўзбекистон фаол интернет фойдаланувчиларининг қарийб 17 фоизини қамраб олади.

TBC OLX орқали янги сегментларга чиқмоқчи

OLX хариди ТБCъга банк ва тўлов хизматларидан ташқаридаги йирик рақамли платформага кириш имконини беради. TBC Uzbekistan ҳозиргача асосан TBC Bank ва Payme орқали молиявий хизматлар бозорида фаолият юритган бўлса, энди унинг экотизимига товарлар, автомобиллар, хизматлар, иш ўринлари ва кўчмас мулк эълонларини бирлаштирувчи платформа ҳам қўшилади.

ОЛХънинг 5 млн дан ортиқ ойлик аудиторияси TBC учун янги мижозларни жалб қилиш ва амалдаги фойдаланувчиларга қўшимча хизматларни таклиф этиш имкониятини яратади. Айниқса, автомобиль ва кўчмас мулк каби йирик харидлар банк кредитлари, бўлиб тўлаш, тўлов ва бошқа молиявий маҳсулотлар билан боғланиши мумкин.

Бироқ Рақобат қўмитасининг шартлари бу интеграциянинг чегараларини белгилаб берди. TBC OLX фойдаланувчиларини ўз маҳсулотларига мажбуран ўтказа олмайди, рақобатчиларнинг маълумотларидан фойдалана олмайди ва бошқа тўлов хизматлари учун тенг шароитни сақлаши керак.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+