“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ Infinbank’даги улушини 23 фоизгача оширди
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ Invest Finance Bank(Infinbank) акцияларини босқичма-босқич сотиб олиб, октябрдаги 15 фоизлик улушини йил охирига келиб 23 фоизгача оширди.

“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ Инфинбанк устав капиталидаги улушини 23 фоизгача етказди. Бу ҳақда Корпоратив маълумотлар ягона порталида эълон қилинган маълумотларда келтирилган.
Маълум қилинишича, 29 декабрь куни жамиятнинг 10 фоиздан ортиқ улушга эга акциядорлари рўйхатида ўзгаришлар қайд этилган. Натижада “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖнинг Инфинбанкъдаги улуши 23 фоизни ташкил этган.
Компаниянинг Инфинбанк устав капиталига кириши 2025 йил октабр ойида амалга оширилган бўлиб, дастлаб 15 фоиз акция сотиб олинган. Кейинчалик ушбу улуш 19 фоизгача оширилган. Декабрь ойига келиб эса компаниянинг банкдаги улуши 23 фоизга етди.
Айни пайтда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ қуйидаги ташкилотларда 10 фоиздан ортиқ улушга эгалик қилади:
- “Хамроҳ” аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси МЧЖ — 100 фоиз
- “УЗАГРОСТАР HOLDING” — 100 фоиз
- “ОЛИС ОСМОН” МЧЖ — 21 фоиз
- ТРК Инвест МЧЖ — 100 фоиз
- “Бизнес Кафолатлари МЧЖ” — 100 фоиз
- Инфинбанк АЖ — 23 фоиз
Маълумот учун, 2023 йил 10 ноябрда қабул қилинган “Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” сифатида қайта ташкил этилган. Компаниянинг таъсисчиси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобланади.









