Кредит маҳсулотлари рекламасида хатарлар ҳақида огоҳлантириш мажбурий бўлади
Қонунчилик палатаси кредит маҳсулотлари рекламасига янги талабларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Унга кўра, рекламаларда молиявий хатарлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш жойлаштирилиши белгиланмоқда.

Қонунчилик палатасида корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳужжат билан “Реклама тўғрисида”ги қонунга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Унга кўра, кредитлар ва микроқарзлар рекламасида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида мажбурий огоҳлантирувчи матн жойлаштирилиши шарт этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, бундай огоҳлантириш реклама майдони ёки эфир вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим бўлади.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси молиявий хизматлар рекламасини янада тартибга солиш, аҳолининг кредит билан боғлиқ хатарлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантиришга қаратилган.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар айрим нормалар юзасидан қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 29 январдан бошлаб банкларнинг истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларига қўйиладиган янги талаблар кучга кирган эди.
Янги тартибга кўра, кредит рисклари бўйича мажбурий чеклист жорий этилиши ҳамда тўловларда қийинчиликка дуч келаётган мижозлар учун реструктуризация тартибини ошкор қилиш белгиланган.









