InFInBank бошқарувида ўзгаришлар рўй берди
11 сентябрь куни бўлиб ўтган Кузатув кенгаши йиғилиши қарорига мувофиқ, Бобур Бурханов кенгаш раиси этиб сайланди, шунингдек, бошқарувда янги тайинловлар амалга оширилди.

InFInBank акциядорлик жамияти раҳбарияти таркибида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Бу ҳақда Корпоратив маълумотлар ягона порталида маълум қилинди.
11 сентябрь куни банк Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилот бошқарувида бир қатор кадрлар масаласи кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида кенгаш аъзолари бир овоздан Бобур Нодирхонович Бурхановни InFInBank АЖ Кузатув кенгаши раиси этиб сайлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бобур Бурханов банк тизимида катта тажрибага эга мутахассис бўлиб, 2018 йил майидан 2023 йил декабригача InFInBank АЖ бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритган.
Кузатув кенгаши қарорига мувофиқ, банк бошқарувида ҳам ўзгаришлар бўлди. Жумладан, Бахтиёржон Жўраев InFInBank бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Шунингдек, шу вақтгача бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Дилшод Хожиэв ўз лавозимидан озод этилди. Эндиликда у Кузатув кенгаши раисининг вакили (филиаллар тармоғи самарадорлиги бўйича) сифатида фаолиятини давом эттиради.