2026 йилнинг энг бой одамлари – Forbes
Жорий йилда дунёдаги миллиардерлар сони 3428 нафарга етиб, уларнинг умумий бойлиги 20,1 триллион долларни ташкил этди.
Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск 839 миллиард долларлик бойлиги билан кетма-кет иккинчи йил рейтингда биринчи ўринни эгаллади.
Алишер Усмоновнинг бойлиги эса 14,5 млрд долларга баҳоланиб, рейтингда 199-ўринни эгаллаган.

Нуфузли Forbes нашри 2026 йилнинг энг бой одамлари рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, бу йил дунёда миллиардерлар сони 3428 нафарга етди, уларнинг жами бойлиги эса 20,1 триллион долларни ташкил этмоқда.
Tesla ва SpaceX компаниялари эгаси Илон Маск кетма-кет иккинчи йил Forbes талқинига кўра дунёнинг энг бой миллиардерлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Унинг бойлиги 839 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан ($342 млрд) деярли 2,5 баравар кўпроқдир.
Топ 10 энг бой шахслар:
| # | Исм | Бойлик | Даромад манбаи | Давлат |
| 1 | Илон Маск | $839 млрд | Tesla, SpaceX | АҚШ |
| 2 | Ларри Пейж | $257 млрд | АҚШ | |
| 3 | Сергей Брин | $237 млрд | АҚШ | |
| 4 | Жефф Безос | $224 млрд | Amazon | АҚШ |
| 5 | Марк Цукерберг | $222 млрд | Meta | АҚШ |
| 6 | Ларри Эллисон | $190 млрд | Oracle | АҚШ |
| 7 | Бернар Арно | $171 млрд | LVMH | Франция |
| 8 | Женсен Хуанг | $154 млрд | NVIDIA | АҚШ |
| 9 | Уоррен Баффетт | $149 млрд | Berkshire Hathaway | АҚШ |
| 10 | Амансио Ортега | $148 млрд | Zara | Испания |
Маск энг яқин рақибларидан анча олдинда. Рейтингда иккинчи ўринни Google асосчиларидан бири Ларри Пейж (257 млрд доллар) эгаллаган бўлса, учинчи ўринда яна бир ҳаммуассис Сергей Брин (237 млрд доллар) жойлашди. Уларнинг бойлиги ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ошган.
Бу йил 100 миллиард доллардан ортиқ бойликка эга миллиардерлар сони ҳам рекорд даражага етиб, 20 нафарга чиқди (ўтган йили 15 нафар эди). Уларнинг қарийб ярми технология соҳасида бойлик орттирган.

Мамлакатлар кесимида эса АҚШ миллиардерлар сони бўйича етакчи бўлиб қолмоқда — мамлакатда рекорд даражадаги 989 нафар миллиардер бор. Улардан 15 нафари рейтингдаги энг бой 20 кишилик рўйхатга киради. Иккинчи ўринда Хитой (Гонконг билан бирга) — 610 нафар, учинчи ўринда эса Ҳиндистон — 229 нафар миллиардер билан қайд этилган.









