Ёлғиз яшовчилар учун яратилган “Are you dead?” иловаси интернетда машҳурликка эришди
Хитойда ёлғиз яшовчилар учун яратилган “Are you dead?” (“Сен ўлиб қолдингми?”) номли илова интернетда тезда машҳурликка эришди.
Илова фойдаланувчи бир неча кун давомида фаоллик кўрсатмаса, фавқулодда алоқа шахсига автоматик огоҳлантириш юборади.
Машҳурлик ортидан лойиҳа глобал бозорга чиқиб, халқаро аудиторияга тақдим этилди.

Хитойда ёлғиз яшовчилар учун яратилган “Are you dead?” (“Сен ўлиб қолдингми?”) номли илова қисқа вақт ичида машҳурликка эришди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Илова юклаб олиниши кескин ошиб, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг ишлаб чиқувчилар обуна тўловини жорий қилди ва глобал бозорга чиқиш учун номини ўзгартиришга қарор қилди.
Хитой тилида Sileme деб аталадиган илова ўзини ёлғиз яшовчилар — талабалар, ёлғиз ишловчи ходимлар ва якка турмуш тарзини танлаганлар учун мўлжалланган оддий хавфсизлик воситаси сифатида тақдим этади.
Иловада битта фавқулодда алоқа шахсини белгилаш талаб этилади. Агар фойдаланувчи кетма-кет бир неча кун давомида иловага кирмаса, тизим автоматик равишда огоҳлантириш юборади.
Global Times’га кўра, Хитойда бир кишилик уй хўжаликлари сони 200 миллионга яқинлашган, ёлғиз яшовчилар улуши эса 30 фоиздан ошган.
Sileme сешанба куни Wеибўдаги расмий саҳифасида илованинг янги версияси глобал бозор учун Demumu номи остида чиқарилишини маълум қилди. Apple’нинг пуллик иловалар рейтингида Demumu ҳозирда иккинчи ўринда, ҳафта бошида эса биринчи поғонага кўтарилган эди.
“Интернет фойдаланувчиларининг қўллаб-қувватлови учун раҳмат. Биз 1995 йилдан кейин туғилган уч нафар ёш томонидан мустақил тарзда ташкил этилган кичик жамоамиз”, — дейилади компания баёнотида.
Шунингдек, компания харажатлар ошгани сабабли 8 юань (1,15 доллар) миқдорида тўлов жорий этилишини эълон қилди. Apple App Store’да илова аллақачон сотилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар илова номини ўзгартирмасликка чақирса, бошқалар “Are you alive?”, “Are you online?” ёки “Are you there?” каби номларни таклиф қилди.
“Баъзи консерватив одамлар буни қабул қила олмаслиги мумкин, аммо хавфсизлик учун жуда фойдали. Бу турмуш қурмаган одамларнинг ҳаётини хотиржамроқ қилади”, — деб ёзди фойдаланувчилардан бири.









