12 653.480 so‘m

decrease

-109.050

14 871.640 so‘m

decrease

-106.470

159.750 so‘m

decrease

-2.910

12 653.480 so‘m

decrease

-109.050

19 июль, 19:33
Банк

Етакчи Fintech компаниялари: улар қандай пайдо бўлди ва кимга тегишли?

Pinkod’нинг навбатдаги махсус сонида Ўзбекистондаги етакчи Fintech компанияларининг шаклланиши, ўсиш йўли ҳамда уларнинг бугунги кундаги ўрни ҳақида сўз боради.

Материалда уларнинг келиб чиқиш тарихи, технологик янгиликлари, ҳамкорлар ҳамда давлат билан бўлган мураккаб муносабатлари ва молиявий кўрсаткичлари таҳлил қилинади.

Етакчи Fintech компаниялари: улар қандай пайдо бўлди ва кимга тегишли?
Фото: AI / Pinkod.uz

Кириш

Ўзбекистон молиявий технологиялар бозори, яъни Fintech сектори сўнгги йилларда кескин суръатлар билан ривожланаётган, энг динамик йўналишлардан бирига айланди. Аҳолининг банк хизматларидан фойдаланиш фаоллиги, интернет ва мобил иловаларнинг кенг тарқалиши, пандемиядан кейинги рақамли трансформация жараёнлари ушбу соҳани янги босқичга олиб чиқди.

Бугунги кунда бозорда Click, Payme ва Paynet каби учта йирик ўйинчи етакчилик қилмоқда. Бу компаниялар фақат тўлов хизматларини эмас, балки мижозларга қулай интерфейс, тезкор хизмат кўрсатиш, қўшма лойиҳалар ва ҳатто молиявий экотизимни яратишга интилаётган йирик инноваторларга айланган. Уларнинг молиявий кўрсаткичлари ҳар йили ўсиб бормоқда, фойдаланувчилар сони миллионлаб бўлган бу платформалар замонавий молиявий маданиятни шакллантиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Мазкур махсус материалда:

  • Ушбу компанияларнинг шаклланиш тарихи;
  • уларнинг технологик ёндашуви;
  • Компаниялар амалга оширган инновациялари;
  • Шунингдек, халқ орасида машҳур тўлов ташкилотининг қандай қилиб давлат тасарруфига ўтказилиб, кейинчалик яна хусусийлаштирилгани ҳақида сўз боради.

Click АЖ

Click МЧЖ 2011 йил 11 ноябрь куни уч нафар ҳамкор — мактабдошлар Улуғбек Рустамов, Рустам Файзиев ҳамда уларнинг банк соҳасидаги таниши Баходир Абдукадиров томонидан асос солинган.

Компания асосчиларидан бири Улуғбек Рустамовнинг технологияга бўлган қизиқиши беш ёшидаёқ бошланган. Унга отаси шу ёшида компьютер олиб берган ва бу, Рустамовнинг сўзларига кўра, унинг технологиялар оламига киришига сабаб бўлган.

15 ёшида эса у ўқув марказда ишлай бошлаган ва у ерда ўқувчиларга компьютер саводхонлиги бўйича дарс берган. Дарсларда Word, Excel, Photoshop, CorelDRAW, HTML, CSS каби дастур ва технологияларни ўргатган.

“Компанияни яратиш арафасида интернет дўкон очишга қизиқиб юрар эдим, ундан ташқари компьютер эҳтиёт қисмлари савдоси билан ҳам шуғулланар эдим. Ўша пайт ўйлардим нимага шуни интернетда сотиб бўлмайди ва нимага ўзи Ўзбекистонда e-kom ривожланмаган  Ҳатто оддий пицца ҳам буюртма қилиб болмас эди. Кейин ўйлаб қолдим, одам интернетдан буюртма қилганидан кейин қанақадир қилиб пул тўлаши керак. Шу боис, финтех компания тузиш ғояси пайдо бўлди”, — дейди Рустамов

Унинг сўзларига кўра, Рустам Файзиев ва Баходир Абдукадировнинг банк соҳасида 15 йиллик тажрибаси ишни анча енгиллаштирган.

Ўша пайтларда бозорга Paynet ҳукмронлик қилаётган эди. У 30 мингга яқин нуқтада фаолият юритган. Click жамоаси эса рақобатда устун бўлиш учун Paynet дан арзонроқ ва қулайроқ хизмат кўрсатишни мақсад қилган.

Paynet скретч-карталар орқали бозорга кирган бўлса, Click эса мижозларга уйдан туриб тўловларни амалга ошириш имкониятини яратмоқчи бўлган.  Шундан сўнг, икки нафар дастурчи ёлланиб, Click дастурини ишлаб чиқиш бошланди.

Click банкларга сервер жойлаштириш, ҳеч қандай талаб қўймаслик ва ўз навбатида даромаднинг 20 фоизини уларга таклиф қилган. 

Бироқ, дастлаб банкларга бу тизимни тушунтириш жуда қийин бўлган. Асосчилар бир йил давомида серверга рози бўладиган банкни қидиришган.

Paynet ўша даврда фойдаланувчилардан мобил алоқа учун тўловларда 6% хизмат ҳақи олган бўлса, Click бу хизматни 2% эвазига таклиф қилган. 

Кейинчалик Click асосчилари бу хизмат учун хизмат ҳақи алоқа операторларидан олиниши керак, деган хулосага келган. Бироқ, операторлар бунга рози бўлмаган. Шу боис, Click 2012 йилдан 2013 йилгача ушбу хизматни фоизсиз амалга оширган.

“Биз 1 миллион фойдаланувчига етганимиздан сўнг, операторлар фоиз тўлашга рози бўлишига ишонч билдирдик. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Шундан сўнг, Paynet ҳам бу хизматни фоизсиз қилишга мажбур бўлди”, — дея эслайди Рустамов.

Click’нинг асосий мақсади — барча турдаги тўлов жараёнларида иштирок этиш эди. Кейинчалик, интернет провайдерлар, коммунал хизматлар, солиқ тўловлари ва бошқа хизмат турлари қўшилди.

2024 йил 4 июль куни Click МЧЖ фаолият шаклини АЖ (акциядорлик жамияти) шаклига ўзгартирди. Бу қарор тўлов ташкилотлари фаолиятини АЖ сифатида юритиш зарурати билан боғлиқ тартиб туфайли қабул қилинган.

Click стал SuperApp: новые возможности для пользователей и бизнеса – Spot
Click тақдимотидан лавха

Бугунги кунда Click нафақат оддий тўлов ташкилоти, балки кенг қамровли экотизимга эга SuperApp даражасига етган. Иловада фойдаланувчилар авиачипталардан тортиб Powerbank ижарасигача бўлган турли хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Ундан ташқари, Click Рақобат қўмитаси томонидан бозордаги устун мавқега эга рақамли платформа сифатида эътироф этилган

Компаниянинг 2024 йилдаги соф фойдаси 295,1 млрдни ташкил қилган. Бу натижа 2023 йилдаги 205,2 миллиард сўмлик фойдага нисбатан 43,8 фоизга кўпдир. Click’нинг йиллик фойдаси мамлакатдаги банкларнинг 69,4 фоизининг (25 та) фойдасидан юқорироқдир.

Компания аксиядорлари:

Миллий статистика қўмитасининг расмий сайтидан текширилганда Click АЖ аксиядорларининг тўлиқ номи ошкор қилинмаган. Myorg.uz сайти маълумотларига кўра, компания аскиялари етти нафар жисмоний шахс ўртасида тақсимланган:

  • Азимов Иляс Улуғбекович — 35%
  • Гуламкадиров Азизилло Изотиллаевич — 25%
  • Азимов Илхом Улугбекович — 20%
  • Усманов Джахонгир Миржалилович — 5%
  • Файзиев Рустам Муроджонович — 5%
  • Абдукадиров Баходир Мирагзамович — 5%
  • Рустамов Улугбек Шахзодович — 5%

Эслатма: ахборот Myorg.uzʼдан олинган бўлиб, реал вақтдаги акциядорларнинг таркибини акс эттирмаслиги мумкин.

Компания бош директори — Улуғбек Рустамов

Очиқ манбаларда Улуғбек Рустамовнинг туғилган йили аниқ кўрсатилмаган. Бироқ, унинг 15 ёшида мактабни тамомлагани ва 2000-йилда олий ўқув юртига ўқишга кирганини инобатга олсак, у тахминан 1984 ёки 1985-йилда туғилган бўлиши мумкин.

PDP университетидаги суҳбатда Рустамов 5 синфдан 11 синфгача шифокор бўлишни орзу қилганини таъкидлаган. Бироқ мактабни 15 ёшида тугатганлиги сабабли, ёши тиббиёт олийгоҳига кириш талабига тўғри келмаган. Шу сабабли у 2000 йилда Тошкент давлат техника университетининг бакалавриат босқичига ҳужжат топшириб, геология-қидирув йўналиши бўйича таҳсил ола бошлаган.

Ушбу университетда 2004–2006 йилларда магистратура босқичини ҳам муваффақиятли якунлаган.

Рустамов меҳнат фаолиятини 2000-йилда ўқув марказда бошлаган. 2004 йилдан 2011 йилгача эса — 7 йил давомида у “MasterClass” номли компьютер саводхонлигига ихтисослашган ўқув марказида директор сифатида ишлаган.

2011 йилдан буён эса Click компаниясининг бош директори лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Келаётган 2025-йил ноябрь ойи Рустамов учун Click бошқарувидаги 15 йиллик йўлнинг бошланиши бўлади. 

Payme АЖ

Payme тўлов хизмати 2010 йилларда Ўзбекистонда IT компания сифатида шаклланган. Компаниянинг асосий мақсади: Ўзбекистонда рақамли молиявий хизматларни соддалаштириш ва банк хизматларидан фойдаланишни аҳолига қулайроқ шаклга келтириш эди. Компанияга Сарвар Рўзматов томонидан 2013 йилда асос солинган. 

Сарвар Рўзматов

Бошланишнинг илк йилларида 10 кишилик дастурчилар жамоаси билан биргаликда Payme бир йил давомида ишлаб чиқилган ва 2013 йилда Алоқабанк билан ҳамкорликда Paycom эквайринг хизмати ишган туширилган 

2016 йилда Payme биринчи марта Ўзбекистонда P2P (peer-to-peer) — яъни картадан-картага пул ўтказиш хизматини жорий этди. Бу хизмат банклар орқали амалга оширилган узоқ ва бюрократик ўтказмаларга қарама-қарши, тез, қулай ва 24/7 ишлайдиган тизим эди.

Ушбу янгилик эса мамлакат молиявий инфратузилмасида чинакам инқилоб бўлди. Ҳаттоки Payme рақобатчиси бўлган Click компанияси ҳам дастлаб P2P хизматлардан фойдаланиш учун Payme’дан фойдаланган. 

Бундан ташқари, Payme иловаси орқали коммунал хизматлар, мобил алоқа, интернет, кредит тўловлари, давлат хизматлари, чипталар, ва бошқа кўплаб хизматлар учун тўловларни амалга ошириш мумкин бўлди.

2019 йилда Грузиянинг йирик банкларидан бири — TBC Bank Payme компаниясининг 51 фоиз улушини тахминан 5,5 миллион АҚШ долларига сотиб олди. Бу ҳолат Payme’нинг молиявий технологиялар соҳасида халқаро эътирофга сазовор бўлганини кўрсатди. 2023 йилнинг 23 май санасига келиб Payme’нинг қолган 49 фоиз улуши ҳам 10 кунда тўловни амалга ошириш шарти билан 55,7 млн долларга TBC Bank’ка сотилади. Бу унинг ўша пайтдаги қиймати 113,6 млн долларга баҳоланганини англатади.

Payme ҳам 2024 йил июлига келиб қонунчиликдаги тўлов ташкилотларига шаклига боғлиқ талаб туфайли ўз фаолият шаклини АЖ га ўзгартирган. 

Payme бозордаги улуши сабабли 2025 йил бошида Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан "устун мавқега эга тўлов ташкилоти" деб тан олинган.

Payme 2024 йилда 274,3 миллиард сўм соф фойда кўрди. Бу ўтган йилги 202,5 миллиард сўмлик кўрсаткичга нисбатан 35,5 фоизлик ўсиш демакдир. 

Компания акциядорлари

Ҳозирда Payme тўлиқ TBC экотизимига тегишли. 2024 йил март ойида TBC Group Ўзбекистондаги барча фаолиятларини бирлаштирувчи янги бошқарув компанияси — TBC Digital ташкил этилганини эълон қилди.

TBC Digital — Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бошқарув компанияси бўлиб, TBC Bank Uzbekistan ҳамда Payme тўлов иловасини ўз ичига олади.

2021 йилда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) ҳамда Халқаро Молия Корпорацияси (ХМК) TBC Bank Узбекистанънинг 20 фоизлик акцияларини сотиб олган. Бу вақтда TBC Group улуши 60 фоизни ташкил этган.

Янги акциядорлик келишуви доирасида директорлар кенгаши ва акциядорлар ваколатлари қайтадан белгилаб берилди. Шунингдек, ЕТТБ ва ХМК ўз улушларини TBC Bank’га сотиш, TBC Bank эса уларни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Янги бошқарув тузилмаси асосида TBC PLC, ЕТТБ ва ХМК TBC Digital’ни TBC Bank Uzbekistan ҳамда Паймеънинг ягона эгасига айлантиришга келишиб олди. Акциялар қуйидагича тақсимланган:

  • TBC PLC — 79,7%
  • ЕТТБ — 10,15%
  • ХМК — 10,15%

Компания директори — Станислав Сквирский

Станислав Сквирский
Станислав Сквирский

2025 йил май ойидан бери Станислав Сквирский Payme бош директори сифатида ишлаб келмоқда. 

Станислав Сквирский — Ўзбекистондаги етакчи рақамли тўлов платформаларидан бири бўлган Payme компаниясининг бош директори (CЕО) ҳисобланади. У 2025 йил май ойида ушбу лавозимга тайинланган ва ҳозирда компания стратегияси, янги маҳсулотлар ишлаб чиқиш, молиявий хизматлар сифатини ошириш ҳамда жамоани бошқариш билан шуғулланмоқда.

Станислав Сквирский Тошкентда туғилган ва улғайган. У молия, банк ва технологиялар соҳасида 13 йилдан ортиқ тажрибага эга. У фаолияти давомида Россияда жойлашган GE Money Bank, Skybonds каби молиявий институтларда ишлаган ва инвестиция банклари учун SaaS (Software-as-a-Servise) маҳсулотларини яратишда иштирок этган.

2023 йилдан бошлаб Payme компаниясида молиявий маҳсулотлар бўлими раҳбари лавозимида ишлаб, P2P тўловлар, давлат хизматлари билан интеграция (ГовТеч), ва кундалик банк хизматлари (daily banking) соҳаларида инновацион лойиҳаларга раҳбарлик қилган. 

Paynet АЖ

Paynet тарихи

Компания 2005 йил 12 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, Пайнетъга финтех-тадбиркор Ботир Арифджанов ва унинг шериклари томонидан асос солинган.

Ботир Арифджановнинг LinkedIn саҳифасидаги маълумотга кўра, у 2000 йил декабрдан 2008 йил февралгача бош вазир ўринбосари, хусусан, иқтисодиёт вазири ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Ботир Арифджанов
Ботир Арифджанов

Қозоғистонлик тадбиркор ва блогер Амирхан С Омаров билан видеосуҳбатда Орифжонов Россиянинг QIWI компанияси 2009 йилда Пайнетъга харидор бўлгани ва унинг активларини 10 миллион АҚШ долларига баҳолаганини айтган.

“Пик Скартариса” Телеграм каналида айтилишича, Ботир Арифджанов ва унинг шериклари ўшанда чиндан ҳам компаниянини сотиш учун Москвага боришган ва келишувга ҳам эришилган. Бироқ эртаси куни тўсатдан компанияни сотиш кераклиги ҳақида QIWI’дан эмас, балки “бошқа кишилардан” қўнғироқ бўлади. Шундай қилиб, 2009 йилда Paynet “янги эгалари” қўлига ўтади.

2018 йилга келиб, Paynet билан боғлиқ янгилик рўй беради. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.05.2018 йилдаги 3694-сон қарорига асосан компания Халқ банкига ўтказилиши маълум бўлади.

“Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2016 йил 4 октабрдаги ҳукмига кўра давлат даромадига ўтказилган “UzPaynet” МЧЖ устав фондидаги 37,5 фоиз улушни кейинчалик давлат улушини ошириш ҳисобига Халқ банкига ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”, дейилади президент қарорида.

Шундан сўнг, активлар 100 фоизгача етказилган ва 2018 йилда тўлиқ Халқ банки тасарруфига ўтказилган эди.  

Paynet 2024 йилда 285,1 млрд сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 153,5 миллиард сўмга ёки 119,9 фоизга кўпроқдир.

Компания акциядорлари

Paynet ҳозирда акциядорлик жамияти шаклига эга бўлган хусусий компаниядир. Бироқ юқорида таъкидланганидек узоқ йиллар давомида Paynet давлатга тегишли компания бўлган. 

2022 йил август ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги Paynet’нинг (ўша пайтда юридик номи “UzPAYNET” МЧЖ – таҳр.) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бошланганини эълон қилди. Бироқ шу йил октабр ойига келиб, қўшимча равишда аниқлик киритилиши зарур бўлган ҳолатлар юзага келганлиги муносабати билан, талабгорларнинг мажбуриятга эга бўлмаган таклифларини (NBO) қабул қилиш муддати кечиктирилганди.

2024 йилда Paynet’даги 100 фоиз давлат улуши яширинча (чунки бу ҳақида ҳеч қаерда маълумот берилмаган) New Industrial Technologies МЧЖга сотилгани маълум бўлди.

Давлат реестрига кўра, New Industrial Technologies МЧЖга 100 фоиз улуш билан Абдурахманов Мустафа Оразбаевич эгалик қилади. Paynet’ни сотилгани маълум бўлган даврда (2024 йил) ушбу корхонанинг таъсисчилари ичида 60 фоиз улуш билан Алекс Ли ҳам бўлган. Аммо бугунга келиб, у таъсисчилар сафидан чиққан.

Мустафа Абдрахманов, шунингдек, ASIA ALLIANCE BANK АЖнинг 77,3 фоизига эгалик қиладиган ASIA ALLIANCE GROUP МЧЖ ҚКнинг 77,61 фоиз улуш билан таъсисчиси ҳисобланади.

Paynet’нинг билвосита бугунги эгаси ҳисобланган Мустафа Абдрахманов ва компаниянинг собиқ эгаси Ботир Арифджанов ўртасида бир қатор боғлиқлик мавжуд. 

Абдрахманов Арифджановнинг BEE (Миср) компаниясида тижорий директор ва Technobiz (Сингапур) компаниясида сотув департаменти раҳбари лавозимида ишлаган. Арифджанов “UzPAYNET” МЧЖнинг мулкдори ва таъсисчиси бўлган даврда (2007- 2010 йиллар) Абдрахманов Paynet’нинг Қорақалпоғистон республикаси бўйича минтақавий вакили бўлиб ишлаган.

Компания бош директори — Исамухамедов Анвар Садикович

Исамухамедов Анвар Садикович
Анвар Исамухамедов

Исамухамедов Анвар Садикович — компаниянинг амалдаги бош директори. У 1977 йил 10 октабрда туғилган.

У 1994–1999 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Халқаро banking ва молия” йўналишида таҳсил олган. Шундан сўнг, 1999–2000 йилларда Буюк Британиядаги University of Reading’да “Санъат ва иқтисодиёт” йўналишида магистратура босқичини тамомлаган.

Paynet’нинг ҳозирги бош директори Исамухамедов Анвар Садикович ҳам бир вақтлар компаниянинг асосчиси ва собиқ эгаси Ботир Арифджановнинг компанияларида турли юқори лавозимларда фаолият юритган

Масалан, 2022 йил октабрдан 2023 йил октабргача унинг Британиядаги компанияси GEOMOTIVE LTD’да директор, Bee Smart Payment Solution¹да сотув менежери, Technobiz компаниясида бизнес консультант бўлган. Исамухамедов, шунингдек, Paynet Арифджанов бошқарувда бўлган йилларда компанияда бош сотув менежери бўлиб ишлаган.

OSON

OSON тарихи

OSON — Ўзбекистонда яратилган илк электрон ҳамён тизимларидан бири бўлиб, уни 2016-йилда Brio Group АЖ асосчиси Фарҳод Маҳмудов томонидан ишлаб чиқиш бошланган. Илк синов версияси 2017-йил октабр ойида ишга туширилди. Дастлабки йилларда OSON иловаси тўловларни соддалаштириш ва халқаро ҳамёнларни интеграциялаш орқали рақамли молиявий хизматларга янгича ёндашувни олиб кирди. 

2018-йилга келиб, OSON фойдаланувчиларга Yandex.Money, WebMoney каби халқаро электрон ҳамёнларга тўловлар юбориш имкониятини тақдим этди. 2019-йилда WebMoney билан ҳамкорлик меморандумига имзо чекилди ва 2020-йил феврал ойида WMY-ҳамёнларни OSON орқали тўлдириш хизмати ишга тушди. Айнан шу даврда, яъни 2019-йил ноябрь ойида, Ўзбекистонда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу қонунга кўра, электрон тўлов тизимлари регулятор назоратида фаолият юритиши лозим эди.
2020-йил 16-июн куни OSON Ўзбекистон Марказий банки томонидан биринчилардан бўлиб расмий электрон пул тизими сифатида рўйхатга олинди.

Бу муҳим босқичдан сўнг, OSON ўз хизмат доирасини кенгайтирди ва VISA, MasterCard ҳамда Россиянинг Mir тўлов карталарини ўз тизимига интеграция қилишни бошлади. 2021-йилда эса Paynet орқали нақд пул билан ҳисобни тўлдириш, шунингдек, VISA/MasterCard  карталари орқали тўлдириш функциялари ишга туширилди.

OSON нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро бозорларга ҳам кенгайган. 2021-йил Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) ўз офисини очиб, MENA(Яқин Шарқ ва Шимолий Африка) минтақасига кенгайишни бошлади. У ерда OSON молиявий технологиялар бўйича марказий Осиёдан чиққан илғор финтеч бренд сифатида танилди.

OSON ҳозирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, БАА ва АҚШ бўйлаб фаолият юритади, унинг ҳамкор тармоқлари 15 дан ортиқ мамлакатларга тарқалган.

2023 йилда Марказий банк томонидан OSON тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланилди. Ушбу санкция “BRIO GROUP” МЧЖга (OSON бренди остида фаолият юритади) нисбатан тўлов операцияларини амалга оширишда “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш” тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун белгиланди.

Мазкур ҳолат компанияга жиддий салбий таъсир кўрсатди. Жумладан, компания транзаксияларининг қарийб 90 фоизи қисқаргани таъкидланган.

Бироқ компания директори ушбу инқирозни ўзига хос бурилиш нуқтаси сифатида баҳолаб, айнан шу муаммо OSON’нинг учинчи давлатлар бозорларига тезроқ чиқишига туртки бўлганини таъкидлаган. Натижада компания хорижий бозорларда маълум даражада муваффақиятга эришган.

Илова бугунги кунга келиб 500 000 дан ортиқ фойдаланувчига эга. 2024-йил якунларига кўра, OSON ойлик 194 000+ фаол фойдаланувчи, 235 миллион доллар ҳажмда молиявий айланма (GMB) ва 20 миллиондан ортиқ транзакцияларни амалга оширган.

Компания акциядорлари

OSON иловаси юқорида айтиб ўтилганидек Brio Group АЖ томонидан ишлаб чиқилган. Очиқ маълумотларга кўра компаниянинг 100 фоизлик улушига Махмудов Фарход Ғайратович эгалик қилади.

Бош директор — Фарҳод Маҳмудов 

Фарҳод Маҳмудов
Фарҳод Маҳмудов 

Фарҳод Ғайратович Махмудов — Ўзбекистоннинг таниқли тадбиркорларидан бири, FinTech соҳасида фаолият юритувчи OSON.uz, OSON Emirates, InterHub DMCC компанияларининг асосчиси ва раҳбари, шунингдек, OSON Travel ҳаммуассиси ва WebMoney Uzbekistan бош директори ҳисобланади.

У 1981 йил 2 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси муҳандис, онаси шифокор бўлиб ишлаган. Фарҳоднинг катта опаси ва акаси бор. Ёшлигидан иқтисодиётга қизиққан Фарҳод 273-сонли иқтисодий йўналишдаги мактаб-лицейда таълим олган. 1998 йилда Тошкент Молия институтига ўқишга кириб, “Банк иши” мутахассислигини тамомлаган. Шунингдек, у компьютер технологиялари ва дастурлаш бўйича ҳам малака оширган.

Меҳнат фаолиятини 2003 йилда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкида кредит инспектори сифатида бошлаган. Кейинчалик "Ўзсаноатқурилишбанк"да оператсионист-бухгалтер сифатида ишлаган. 2005 йилдан бошлаб у ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланди. Шу билан бирга, ёлланма молиячи сифатида ҳам фаолият юритди.

2010–2015 йилларда FMCG соҳасида савдо билан шуғулланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари брендларининг дистрибьютори бўлди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида ҳам алоҳида бизнес лойиҳани йўлга қўйди. Шу йилларда BigBear Uzbekistan компаниясига бошчилик қилди.

2015 йилдан бошлаб у OSON.uz тўлов тизими лойиҳасини ишлаб чиқишга киришди. 2017 йилда биринчи маҳсулот ишга туширилди. Кейинги йилларда OSON Business платформаси ва OSON электрон ҳамёни яратилди, WebMoney WMY интеграция қилинди. 2020 йилда OSON sum — Ўзбекистондаги биринчи расмий электрон пул тизими сифатида рўйхатдан ўтказилди

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+