12 128.460 so‘m

decrease

-36.780

14 304.310 so‘m

decrease

-26.340

159.040 so‘m

decrease

-0.380

12 128.460 so‘m

decrease

-36.780

1 соат аввал
Иқтисодиёт
31

Яқин Шарқдаги можаро Ўзбекистонда нарх-навога босим ўтказиши мумкин — Тимур Ишметов

Марказий банк раиси Тимур Ишметов Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик глобал иқтисодиёт орқали Ўзбекистон бозорларига ҳам билвосита таъсир қилиши мумкинлигини айтди. Хусусан, нефть нархи, логистика харажатлари ва валюта оқимларидаги ўзгаришлар нарх-навога босим ўтказиши эҳтимоли бор.

Яқин Шарқдаги можаро Ўзбекистонда нарх-навога босим ўтказиши мумкин — Тимур Ишметов
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк раиси Тимур Ишметов Uzreport TV телеканалига берган интервьюсида Яқин Шарқда давом этаётган можаронинг Ўзбекистон иқтисодиётига мумкин бўлган таъсири ҳақида фикр билдирди.

Унинг айтишича, биринчи навбатда нефть нархларининг ошиши глобал инфляцияга босим ўтказиши мумкин. Бу эса табиий равишда бошқа товар ва хизматлар нархининг ҳам кўтарилишига олиб келади.

Шунингдек, можаро ҳудудидаги логистика занжирларининг издан чиқиши ва транспорт қатновининг қийинлашуви ҳам нарх-навога қўшимча босим келтириши мумкин.

Марказий банк раҳбарига кўра, бундай шароитда асосий вазифа — юзага келаётган хатарларни тўғри баҳолаш ва уларнинг турли давлатлар иқтисодиётига қандай каналлар орқали таъсир қилишини чуқур таҳлил қилишдир. Шундан келиб чиқиб, тегишли иқтисодий сиёсат юритилиши лозим.

Унинг таъкидлашича, Марказий банк нафақат нархлар барқарорлигини, балки банк тизимининг молиявий барқарорлигини ҳам таъминлашга эътибор қаратмоқда. Чунки геосиёсий кескинлик экспорт операцияларига салбий таъсир қилса, айрим бизнес субъектларининг банк кредитларини қайтариш имкониятлари ҳам қийинлашиши мумкин.

Регуляторга кўра, глобал геосиёсий кескинлик фонида валюта бозорларида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. Айрим давлатларга валюта оқими камайиши миллий валюта курсига босим ўтказиши эҳтимоли бор. Шу сабабли инфляция билан бир қаторда бутун банк тизими барқарорлигига эҳтиёткорлик билан ёндашиш муҳим.

Ишметовнинг айтишича, можаронинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсири катта эмас, бироқ билвосита таъсир эҳтимоли мавжуд. Шу боис ҳукумат даражасида қатор чоралар кўрилмоқда. 

Жумладан, транспорт харажатлари ошиши оқибатида озиқ-овқат нархларининг кескин кўтарилиб кетишини олдини олиш мақсадида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари (масалан, мол ва қўй гўшти) импорти учун транспорт харажатларини субсидиялаш механизми жорий этилган.

Унинг таъкидлашича, бундай субсидия механизмлари аниқ йўналтирилган, шаффоф ва қисқа муддатли бўлиши лозим.

Марказий банк раисининг айтишича, ҳозирча асосий эътибор инфляция динамикасини эҳтиёткорлик билан мониторинг қилишга қаратилган. Жорий йил учун инфляцияни 6,5 фоиз атрофида пасайтириш мақсад қилинган. Халқаро валюта жамғармаси эса 2026 йил якунида инфляция 6,8 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда Ўзбекистоннинг монетар сиёсати етарлича қатъий ҳисобланади. Шунинг учун ставкани ошириш ҳақида гапиришга ҳали анча эрта. Шу билан бирга, инфляцияни жиловлаш ва иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш ўртасидаги мувозанатни ҳам ҳисобга олиш керак.

Шунингдек, Марказий банк учун муҳим масалалардан бири миллий валюта курсининг эркинлигини сақлаб қолишдир. Валюта курсининг мослашувчанлиги инфляцияга салбий ташқи шокларнинг таъсирини юмшатишга ёрдам беради.

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон Марказий банкига монетар сиёсатнинг қатъийлигини сақлаб қолиш ҳамда молия бозорида активлар сифатига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилган.

Марказий банклар олдида ҳозир икки асосий вазифа турибди: инфляцияни пасайтириш ва иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш. 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+