Январь ойида Ўзбекистонда нархлар қандай ўзгарди?
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 2023 йил декабрдан бери энг юқори ўсишни кўрсатган бўлса, пуллик хизматлар 2021 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етди.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йил январь ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 0,72% га ошди, бу 2023 йилдан бери йилнинг биринчи ойи учун энг юқори кўрсаткичдир. 2024 йил январида ИНИ 0,64% ни ташкил этган эди. Йиллик инфляция 9,89% га етиб, ўтган йилга нисбатан 1,31 фоиз пунктга кўтарилди, аммо 2023 йилдаги 12,19% дан пастроқ даражада сақланмоқда.
Озиқ овқат маҳсулотлари
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари январь ойида 0,8% га ошди, бу 2023 йил декабрдан бери энг юқори ойлик ўсиш ҳисобланади. Йиллик озиқ-овқат инфляцияси 2,6% ни ташкил этди. Сабзавотлар нархи 6% га, ёғ-мой 1,5%, балиқ маҳсулотлари 1,1%, гўшт 0,8%, ичимликлар 0,6%, тайёр маҳсулотлар 0,4% га қимматлашди. Айни пайтда тухум 14,3%, мандарин 7,4%, сут маҳсулотлари 3,5%, помидор ва бодринг 1% га арзонлашди.
Энг кескин ўсишлар бақлажонда (59,6%), картошкада (23,9%), булғор қалампирида (13,2%), лимонда (7,9%) ва карамда (6,9%) кузатилди. Йиллик ҳисобда картошка 68,1%, сабзи 24,1%, пахта ёғи 19,5%, кунгабоқар ёғи 18,1%, қўй гўшти 16,2%, мол гўшти 14,8% га қимматлашган.
Хизмат кўрсатиш соҳаси
Пуллик хизматлар нархи январь ойида 1,1% га ошиб, 2021 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етди. Йиллик ўсиш 27% ни ташкил этди. Ресторан хизматлари 0,6% (йиллик +11,7%), уй-жой ижараси 0,6% (йиллик +13,1%), меҳмонхона хизматлари 5,7% (йиллик +10,7%), автотранспорт хизматлари 0,8% (йиллик +11,2%) поезд чипталари 0,9% (йиллик +13,2%) га қимматлашди. Авиачипталар нархи эса 1,3% га пасайган.
Саноат товарлари
Саноат товарлари нархлари январь ойида 0,3% га ошиб, йиллик инфляция 7,7% ни ташкил этди. Маиший техника 0,3% (йиллик 5,3%), электротехника маҳсулотлари 0,1% (йиллик 1,7%), дори маҳсулотлари 0,7% (йиллик 25,2%) га қимматлашди. Транспорт ёқилғиси нархлари орасида бензин 1,5% (йиллик +3,9%), метан 0,1% пасайган (йиллик +20,9%), пропан эса 13,2% арзонлашди (йиллик +8,3%).
Марказий банкнинг прогнозига кўра, 2025 йил давомида инфляция 7-8% гача пасайиши кутилмоқда.