Янги Тошкентда 500 млн доллардан ортиқ лойиҳалар учун ер аукциони 1 доллардан бошланади
Янги Тошкентда қиймати 500 млн доллардан ошадиган инвестиция лойиҳалари учун ер ижараси аукционининг бошланғич нархи ҳар квадрат метрга 1 доллар этиб белгиланди.
Йирик шаҳарсозлик лойиҳаларига фойда солиғини 1 фоизгача пасайтириш, мол-мулк ва ер солиқларидан 20 йилга озод қилиш ҳамда бошқа имтиёзлар берилади.
Янги тартиб Самарқанддаги “Ширин” массивига ҳам татбиқ этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни “Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-243-сон фармонни имзолади. Ҳужжат 11 ноябрдан кучга кирди.
Фармон билан Янги Тошкент шаҳрининг 19 720,9 гектар ва Самарқанддаги “Ширин” массивининг 665,15 гектар майдонида йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди.
Мазкур ҳудудларда қиймати камида 50 млн доллар бўлган инвестиция лойиҳалари солиқ, божхона ва қурилиш соҳасидаги алоҳида имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.
Ернинг бошланғич нархи инвестиция ҳажмига боғланади
Фармоннинг 3-иловасига кўра, махсус ҳудудларда ер участкалари “E-auksion” платформаси орқали ижара ҳуқуқи асосида инвесторларга таклиф этилади. Бунда ернинг ҳар квадрат метри учун бошланғич нарх лойиҳа қийматига қараб белгиланади.
| Инвестиция ҳажми | 1 кв. метр учун бошланғич нарх |
|---|---|
| 50 млн долларгача | 200 доллар |
| 50–100 млн доллар | 150 доллар |
| 100–250 млн доллар | 100 доллар |
| 250–500 млн доллар | 50 доллар |
| 500 млн доллардан ортиқ | 1 доллар |
Шундай қилиб, энг йирик инвестиция лойиҳалари учун ер аукционининг бошланғич нархи 50 млн долларгача бўлган лойиҳаларникидан 200 баравар паст бўлади.
Бироқ бу ер участкалари инвесторлар томонидан автоматик равишда 1 доллардан олинади, дегани эмас. Кўрсатилган суммалар аукционнинг бошланғич нархи бўлиб, якуний қиймат савдо натижасига боғлиқ.
Инвесторлар учун тўловларни бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади. Жумладан, 50 млн долларгача бўлган лойиҳалар учун бошланғич тўлов 30 фоиз, 250–500 млн долларлик лойиҳалар учун эса 10 фоиз этиб белгиланади. Қолган суммани лойиҳа ҳажмига қараб 4–7 йил давомида фоизсиз тўлаш мумкин.
Ерлар очиқ аукцион ёки “Swiss challenge” — ташаббускорнинг таклифини бошқа инвесторлар билан рақобат асосида баҳолаш механизми орқали ажратилади.
Қурилиш якунлангач, қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ер участкаларига 49 йилгача ижара ҳуқуқи расмийлаштирилиши мумкин.
Фойда солиғи 15 фоиздан 1 фоизга туширилади
Фармонда йирик инвесторлар учун алоҳида солиқ режими ҳам назарда тутилган.
Махсус ҳудудларда лойиҳаларни амалга оширувчи юридик шахслар қурилган объектларни ижарага бериш ва сотишдан олган фойдаси учун одатдаги 15 фоиз ўрнига 1 фоиз ставкада фойда солиғи тўлайди.
Имтиёзнинг амал қилиш муддати тўғридан-тўғри киритилган инвестиция ҳажмига боғлиқ:
- Камида 50 млн доллар — 5 йил;
- Камида 100 млн доллар — 10 йил;
- Камида 500 млн доллар — 15 йил.
Бундан ташқари, камида 50 млн долларлик лойиҳалар доирасида қурилган ва фойдаланишга топширилган объектлар бўйича юридик шахслар 20 йил давомида мол-мулк ҳамда ер солиқларидан озод этилади.
2040 йил 1 январгача инвесторларнинг шаҳарсозлик лойиҳаларидан олган дивидендлари Ўзбекистон ҳудудида қайта инвестиция қилинган тақдирда, ушбу даромадлар ҳам солиқдан озод қилинади.
Қурилиш учун олиб кириладиган техника, асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари ва бошқа айрим товарларга божхона имтиёзлари берилади. Уларнинг умумий қиймати лойиҳа ҳажмига қараб инвестиция суммасининг 30–70 фоизидан ошмаслиги керак.
Шунингдек, бош пудратчилар ва бош лойиҳа ташкилотлари томонидан Ўзбекистонда фаолият юритмайдиган хорижий шахслардан харид қилинадиган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.
Хорижий мутахассисларга ҳам солиқ имтиёзлари берилади
Махсус ҳудудлардаги лойиҳаларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассислар учун ҳам алоҳида шартлар белгиланмоқда.
Йиллик иш ҳақи фонди 50 минг доллардан ортиқ бўлган хорижий лойиҳачилар, архитекторлар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ даромадларга уч йилгача жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида қўлланади.
Улардан Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқнома талаб қилинмайди. Шунингдек, виза ва яшаш жойи бўйича айрим давлат божлари ҳамда йиғимлар бекор қилинади.
200 метрдан баланд бинолар ва меҳмонхоналар ҳам имтиёз олади
Фармонга мувофиқ, махсус ҳуқуқий режим доирасида қўллаб-қувватланадиган лойиҳалар қаторига 200 метр ва ундан баланд осмонўпар бинолар, меҳмонхона мажмуалари, савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар парклар, курорт зоналари, тиббиёт ҳамда таълим муассасалари киритилган.
Шунингдек, спорт мажмуалари, театрлар, кинотеатрлар, музейлар ва инфратузилма объектлари ҳам имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.
Меҳмонхона лойиҳалари учун алоҳида истисно белгиланган. Жаҳондаги энг йирик 50 та меҳмонхона бренди ёки бешта етакчи меҳмонхона тармоғи рейтингига кирган мажмуалар қурилишига инвестиция ҳажми 50 млн доллардан кам бўлган тақдирда ҳам, 50 млн долларлик лойиҳалар учун белгиланган имтиёзлар татбиқ этилади.
Махсус ҳудудларда қурилиш-монтаж ишларини куну тун, яъни 24/7 режимида амалга оширишга ҳам рухсат берилади. Бунда шовқин, транспорт воситалари ҳаракати ва қурилиш техникасидан фойдаланиш билан боғлиқ махсус талаблар ўрнатилади.
Янги Тошкент учун алоҳида ҳокимлик тузилади
Фармон билан Янги Тошкент шаҳри ҳокимлигини ташкил этиш ҳам белгиланди. Янги шаҳар ҳокими президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Ҳокимлик бошқарув аппарати 14 нафар ходимдан иборат бўлади. Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларининг 16 та ҳудудий бўлинмаси учун жами 30 та штат бирлиги ажратилади.
Янги Тошкентнинг маъмурий-ҳудудий мақоми белгиланганига қадар ҳокимлик махсус ҳуқуқий режим асосида фаолият юритади.
Вазирлар Маҳкамасига уч ой ичида янги шаҳарнинг маъмурий-ҳудудий мақомини белгилаш бўйича таклиф киритиш топширилган.
Янги Тошкентнинг биринчи босқичига 50 млрд доллар инвестиция жалб қилиш кўзда тутилган
Президентнинг 12 октябрдаги йиғилишида маълум қилинишича, Янги Тошкент қурилишига шу вақтгача 2 млрд доллардан ортиқ инвестиция киритилган. Бироқ хусусий секторни жалб қилиш суръатлари етарли эмаслиги қайд этилган эди.
Янги шаҳар учун жами 20 минг гектарга яқин ер ажратилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Октябрь ойидаги маълумотларга кўра, минг гектардан ортиқ майдонда, асосан, давлат маблағлари ҳисобидан қурилиш олиб борилаётган бўлса, тадбиркорларга атиги 94 гектар ер ажратилган.
Янги фармон хусусий инвестициялар оқимини тезлаштириш учун ер ажратиш харажатларини камайтириш, узоқ муддатли солиқ имтиёзлари бериш ва қурилишдаги маъмурий тартибларни соддалаштиришга қаратилган.
Ҳужжат 2035 йил 1 январга қадар қурилишига рухсат берилган объектларга нисбатан амал қилади. Бироқ белгиланган шартларга жавоб берадиган лойиҳалар учун айрим солиқ имтиёзлари бундан кейинги даврларда ҳам давом этиши мумкин.









