Янги рекорд: Ўзбекистонда олтин нархи бир йил ичида 65 фоизга ошди
Бир грамм олтин қиймати 1,94 млн сўмга етиб, бир кун ичида 2,5 фоиздан ортиқ ошди. Йил бошидан буён нархлар 12 фоиздан кўпроққа қимматлашган. Сўнгги бир йил ичида эса олтин нархи 65 фоиздан ортиқ ўсди.

22 январь куни Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи навбатдаги рекордни қайд этди.
Айни пайтда бир грамм олтиннинг нархи 1 943 380 сўмни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич бир кун ичида 2,56 фоизга ошди. Натижада 5 граммли олтин қуйманинг қиймати 9,7 миллион сўмдан ошди.

Йил бошидан буён мамлакатда қимматбаҳо металл нархи 12,2 фоизга қимматлашган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳисобланганда эса олтин нархи 65,2 фоизга ошган. Жорий йил бошидан буён олтин нархи беш марта рекорд янгилади.

21 январь куни жаҳон бозорида олтиннинг бир унцияси тарихда илк бор 4 879,1 долларга етди. Бугун эса нарх бироз пасайиб, хабар тайёрланаётган пайтда бир унция олтин 4 827 доллар атрофида савдо қилинмоқда.
Олтин нархи билан 2026 йилда нималар содир бўлади?
Pinkod аввалроқ 2026 йилда олтин нархио билан нималар содир бўлиши ҳақида мақола эълон қилган эди. Унда йирик халқаро молиявий ташкилотлар баҳолашлари асосида олтин нархи учун прогнозлар келтириб ўтилган.
Goldman Sachs олтин нархи 2026 йил охирига келиб унцияси учун 4 900 долларга етишини кутмоқда.
JPMorgan 2026 йил IV чорагида нарх 5 000 доллар атрофида бўлишини, узоқ муддатда эса 6 000 долларгача чиқишини истисно қилмайди.
Йирик молиявий институтларнинг консенсус фикри (умумий фикри) олтиннинг йил охирига келиб 4 400 ва 5 300 доллар оралиғида барқарорлашишини, юқори сценарийларда эса 6 000 доллар ёки ундан кўпроққа етишини кўрсатмоқда.
Тўлиқ мақола билан қуйида танишиш мумкин:
2026 йилда олтин нархи билан нималар содир бўлади — Прогноз









