“Янги Банк” омонатчиларига компенсация тўловлари бошланди
“Янги Банк” омонатчиларига кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари Бизнесни ривожлантириш банки (БРБ) орқали амалга оширилмоқда. Жами 31,5 мингдан ортиқ омонатчига 208 млрд сўм миқдорида компенсация тўлаб берилиши режалаштирилган.
Бугун соат 17:30 ҳолатига кўра, агент-банк орқали “Янги банк” АЖ омонатчиларига 116 млрд сўмдан ортиқ компенсация маблағлари тўлаб берилган.

“Янги банк” омонатчиларига кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари бошланди. Бу ҳақда Омонатларни кафолатлаш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, компенсация тўловлари Бизнесни ривожлантириш банки (БРБ) орқали амалга оширилади. Bank томонидан тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш учун барча зарур тайёргарлик ишлари якунланган.
Бугун соат 17:30 ҳолатига кўра, агент-банк – БРБ орқали “Янги банк” АЖ омонатчиларига 116 млрд сўмдан ортиқ компенсация маблағлари тўлаб берилган.
Жисмоний шахслар компенсацияни BRB мобил иловаси орқали онлайн тарзда ёки банк хизматлари марказларига мурожаат қилиб, нақд пул шаклида олишлари мумкин. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар эса BRB’да ҳисобварақлар очиш ёки бошқа банкдаги ҳисобварақларга маблағларни ўтказиш йўли билан тўловларни қабул қилишлари мумкин.
“Янги банк”ни тугатиш комиссияси томонидан шакллантирилган омонатчилар реестрига кўра, жами 31 507 нафар омонатчига 208 млрд сўм миқдорида компенсация тўлаб берилади. Бу банк омонатчиларининг 98,7 фоизини қамраб олади.
Шундан 31 327 нафари — жисмоний шахслар бўлиб, уларга тўғри келадиган омонатлар ҳажми 205 млрд сўмни ташкил этади. Юридик шахсларга 2,9 млрд сўм (126 нафар), якка тартибдаги тадбиркорларга эса 261 млн сўм (54 нафар) компенсация тўланади.
“Агентлик томонидан ҳар бир омонатчига компенсация маблағларини тўлиқ ва ўз вақтида тўлаб бериш учун етарли молиявий ресурслар агент-банкка ўтказиб берилган”, – дейилади ташкилот хабарида.
Омонатларни кафолатлаш агентлиги компенсация тўловларини олиш жараёнида ҳеч қандай қўшимча тўлов талаб этилмаслигини эслатиб, фуқароларни фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Шахсий ва банк маълумотларини бегона шахсларга бермаслик қатъий тавсия этилади.
Агар тўловлар асоссиз равишда кечиктирилса, Омонатларни кафолатлаш агентлигига мурожаат қилиш мумкин. BRB мобил иловасида техник муаммолар юзага келган тақдирда эса Бизнесни ривожлантириш банкининг 78–150–76–76 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 15-январь куни “Янги банк”нинг банк фаолиятини амалга ошириш литсензиясини чақириб олган эди. Шундан кейин Ўзбекистондаги мавжуд банклар сони 35 тадан 34 га тушди.









