Yandex ва Uzum ўртасидаги маркетинг жанги: ҳаммаси қаердан бошланган эди?
Uzum Market Yandex Go’нинг Yandex Market ҳақидаги рекламасини инсофсиз рақобат деб ҳисоблаб, Рақобат қўмитасига мурожаат қилди.
Хўш, айнан нима Uzum Market‘ни Yandex Go устидан шикоят қилишга ундади?
Pinkod мурожаат ортидаги вазиятга батафсил тўхталиб ўтади.

2025 йил 12 июнь куни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “YandexGo UB” МЧЖга нисбатан иш қўзгатилганини эълон қилди. Бунга “Uzum Market” МЧЖ ХК томонидан йўлланган расмий мурожаат сабаб бўлган.
Uzum Market ўз мурожаатида “YandexGo UB” МЧЖ томонидан телевидение ва ижтимоий тармоқларда тарқатилган Yandex Market реклама ролигида инсосфсиз рақобат унсурлари мавжудлигини таъкидлаган. Жумладан, бу реклама Uzum Market’нинг ишчанлик обрўсига путур етказаётганини билдиришган ва қонуний чоралар кўришни сўрашган.
Хўш, айнан нима Uzum Market’ни Yandex Go устидан қўмитага мурожаат қилишга ундади? Қуйида ушбу масалага батафсил тўхталиб ўтамиз.
Yandex Market’нинг Ўзбекистонга кириб келиши
2025 йил март ойида тармоқларда Yandex Market’нинг Ўзбекистонда апрель ойидан бошлаб иш бошлаши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади.
SellerLab компаниясининг Telegram-каналида айтилишича, Yandex Market Ўзбекистонда радио, телевидение, ташқи реклама ва рақамли платформаларни қамраб олувчи кенг кўламли реклама кампаниясини режалаштирган. Шунингдек, Yandex Go ва Yandex Eats иловаларида маҳсулотлар реклама қилиниши ҳам таъкидланган эди.
Апрель ойининг бошида Yandex Market расман иш бошлади ва кутилганидек, катта миқёсли реклама кампанияси йўлга қўйилди. Бироқ, бу рекламаларнинг услуби бошқа рекламалардан фарқ қилувчи ва муҳокамага сабаб бўладиган ҳолатларга эга эди.
Yandex Market рекламаси
Yandex Market рекламасида хорижий маркетинг услубларига хос бўлган “бевосита эмас, билвосита таъсир қилиш” усули қўлланилган.
Реклама бир йигит атрофидагилардан бир маркет ҳақида эшитиб, аммо доимий шовқин туфайли унинг номини англай олмаётган ҳолатлар билан бошланади. Ҳар сафар бошқа одамлар бу маркетни мақтайди, лекин фон шовқини (овоз, қўнғироқ ва ҳ.к.) сабабли маркет номи ноаниқ бўлиб қолади.
Рекламадаги асосий қаҳрамон эса бу Market’ни “Uzum Market” деб ўйлайди ва камерага қараб қўлида узум мевасини кўрсатиб: “Ҳа, бу Маркетми?” дейди. Бироқ охирида маълум бўладики, бу аслида Yandex Market эди.
Мазкур реклама бир ой давомида телевидение ва ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда эфирга узатилган.
Uzum Маркетнинг жавоби
Дастлаб, Uzum Market Yandex Market’нинг бу юришига расмий жавоб бермай, ўзининг маркетинг юриши орқали жавоб қайтарди. Улар Instagram ва YouTube платформаларида ҳазил ва қўполликсиз, самимий ҳамда миллий урф-одатларга содиқ видео жойлаштиришди. Видеони бу ерда кўриш мумкин.

Рекламада миллий руҳ, оддийлик ва юмор уйғунлигида рақобатбардош жавоб берилган бўлиб, бу ҳам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Yandex’нинг давомий юришлари
Yandex бу рақобатни бир ойлик реклама билан тўхтатмади. Компания ўз юришларини Қурбон Ҳайити арафасида ҳам давом эттирди.

Маркетплейс Instagram саҳифасида эълон қилинган видеода Yandex Market байрам муносабати билан Uzum Market, Ozon ва Wildberries каби рақобатчиларнинг буюртма бериш пунктларига совға саватлари олиб келгани тасвирланган. Бу ҳолат ҳам маркетинг рақобатини янада кучайтирди.
Ўзбекистондаги бошқа рақобатли рекламалар
Ўзбекистонда рақобатли маркетинг кампаниялари аввал ҳам кузатилган. Бунга яққол мисол сифатида TBC Bank ва ANORBANK ўртасидаги ижтимоий тармоқлардаги маркетинг рақобатини келтириш мумкин.
Хусусан, 2023 йил июль ойининг бошида Анорбанк томонидан “Кўрпача” номли юқори фоизли омонат маҳсулоти тақдим этилган. Орадан кўп ўтмай, 2023 йил 18 июль куни TBC Bank ўзининг расмий Телеграм саҳифасида “Кўрпачадан ишончлироқ” сарлавҳаси остида пост жойлаштирди. Ушбу постда TBC Банкда 3 триллион сўмдан ортиқ омонатлар сақланаётгани таъкидланди. Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Анорбанкка нисбатан билвосита ишора сифатида талқин қилинди ва бу борада изоҳлар ҳам қолдирилган эди.
Шундан сўнг, 2023 йил 19 июль куни Анорбанк томонидан жавоб тариқасида “Ош ёки хинкали — нимани кўпроқ ёқтирамиз?” сарлавҳаси билан пост эълон қилинди. Унда, банкда сақланаётган омонатларнинг ҳажми 4 триллион сўмдан ошганига урғу берилган. Шу билан бирга, “хинкали” атамаси орқали TBC Bankʼнинг грузин бренди экани илмоқли равишда эслатиб ўтилган.