12 085.560 so‘m

increase

33.510

13 870.600 so‘m

decrease

-114.600

164.520 so‘m

decrease

-0.780

12 085.560 so‘m

increase

33.510

31 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
62

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиётида “қизиб кетиш” хавфини қайд этди

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори суръатларда ўсаётганини қайд этиб, кучли ички талаб иқтисодий фаолликни мамлакатнинг мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқори даражага олиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди. ХВЖ ҳукуматга бюджет харажатларини оширмасликни, Марказий банкка эса қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришни тавсия қилди.

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиётида “қизиб кетиш” хавфини қайд этди

Халқаро валюта жамғармаси Ижроия кенгаши Ўзбекистон билан 2026-йилги IV модда маслаҳатлашувларини якунлади.

ХВЖ баҳосига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти юқори суръатларда ўсишда давом этмоқда. Реал ялпи ички маҳсулот 2025 йилда 7,7 фоизга ошган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагида иқтисодий ўсиш йиллик ҳисобда 8,7 фоизгача тезлашди.

Жамғарма 2026 йил учун аввалги 6,8 фоизлик иқтисодий ўсиш прогнозини ўзгаришсиз қолдирди. 2027 йилда эса ўсиш суръати 6 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.

Ўсишнинг асосий омиллари сифатида аҳолининг кучли истеъмоли, инвестициялар ва таркибий ислоҳотларнинг давом этиши кўрсатилган.

ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг номинал ЯИМи 2026 йилда 2 154 трлн сўмга етади. Аҳоли жон бошига ЯИМ эса 2025 йилдаги 3 846 доллардан 4 528 долларгача ошиши прогноз қилинмоқда. 2027 йилда бу кўрсаткич 4 957 долларга яқинлашиши мумкин.

Бироқ аҳоли сони ҳам тез ўсишда давом этади. Жамғарма ҳисобига кўра, мамлакат аҳолиси 2025 йилдаги 38,2 млн кишидан 2026 йилда 38,9 млн, 2027 йилда эса 39,7 млн кишига етади.

Шу билан бирга, жамғарма кучли ички талаб фонида иқтисодий фаоллик мамлакатнинг потенциал имкониятларидан юқори даражада шаклланаётган бўлиши мумкинлигини қайд этди. Бу иқтисодиётда “қизиб кетиш” хавфи юзага келаётганини англатади.

Бундай вазиятда истеъмол, кредитлаш ва давлат харажатлари ишлаб чиқариш имкониятларидан тезроқ ўсса, талаб таклифдан ошиб кетиши мумкин. Натижада инфляция босими кучайиб, импорт ҳажми ва айрим активлар нархи тезроқ ўсади.

ХВЖ шу сабабли 2026 йилда фискал сиёсат орқали талабни қўшимча рағбатлантирмасликни тавсия қилмоқда. Хусусан, бюджет даромадлари режалаштирилганидан юқори тушган тақдирда ҳам, қўшимча маблағларни йил давомида янги харажатларга йўналтиришдан тийилиш зарурлиги қайд этилган.

Жамғарма фикрича, бюджет харажатларини назорат қилиш инфляциянинг пасайишига кўмаклашади ва макроиқтисодий барқарорлик учун зарур захираларни тиклаш имконини беради.

Ўзбекистонда йиллик инфляция 2026 йил апрелида 7 фоизгача пасайган. ХВЖ йил якунида инфляция 6,8 фоизни ташкил этишини, 2027 йил охирида эса Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадига тушишини кутмоқда.

Бироқ бунинг учун пул-кредит сиёсати етарлича қатъий бўлиб қолиши керак. ХВЖ кучли ички талаб ва ташқи инфляцион хатарлар шароитида Марказий банкнинг чекловчи сиёсатини давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламоқда.

Агар инфляциянинг пасайиши тўхтаса ёки нархлар босими яна кучайса, Марказий банк пул-кредит сиёсатини қўшимча равишда қатъийлаштиришга тайёр туриши керак. Бу асосий ставкани яна ошириш имконияти ҳам сақланиб қолаётганини англатади.

Шунингдек, ХВЖ сўм курсининг бозор шароитларига мос равишда ўзгаришига имкон беришни давом эттиришга чақирди. Валюта курсининг мослашувчанлиги ташқи иқтисодий зарбаларни юмшатиш, халқаро захираларни ҳимоя қилиш ва инфляцион таргетлаш механизмининг самарали ишлашига ёрдам бериши таъкидланган.

Жамғарма Ўзбекистоннинг халқаро захираларини етарли даражада деб баҳоламоқда. Прогнозга кўра, 2026 йил охирида мамлакат захиралари 12 ойдан ортиқ импортни қоплаш имконини беради.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+