11 821.180 so‘m

increase

14.210

13 419.400 so‘m

decrease

-11.030

140.440 so‘m

increase

0.580

11 821.180 so‘m

increase

14.210

3 соат аввал
Банк
95

Хусусийлаштириш олдидан Туронбанк кузатув кенгашининг учдан икки қисмини янгилади

Туронбанк кузатув кенгашидаги тўққиз аъзодан олтитаси алмаштирилди. 

Янги таркибга PASHA Bank Georgia мустақил аъзоси Жорж Глонти, Solidcore Resources директори Ричард Шарко ва Incofin гуруҳ раҳбари Марал Амрина киритилди. 

Банкнинг 2026 йилги бизнес-режасида хусусийлаштиришга тайёргарлик доирасида мустақил директорлар сонини беш нафарга етказиш белгиланган эди. 

Янги тайинланган аъзолар ва Туронбанкни хусусийлаштириш истиқболлари ҳақида батафсил:

Хусусийлаштириш олдидан Туронбанк кузатув кенгашининг учдан икки қисмини янгилади

Туронбанк кузатув кенгаши таркиби янгиланди. Акциядорларнинг 25 сентябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида тўққиз нафар аъзо уч йил муддатга сайланди. Қарор ҳақидаги маълумот 30 сентябрь куни Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди.

Аввалги таркибдан Гзрегорз Ҳенрик Завада, Ирода Абдуллаева ва Фаттоҳ Маликов кенгашда қолди. Жасур Каршибаев, Самандар Садуллаев, Умид Абидхаджаев, Олимжон Худойбердиев, Низомиддин Мурадов ва Одил Олимжоновнинг ваколатлари эса муддатидан олдин тугатилди. Шу тариқа, кенгаш таркибининг 66,7 фоизи алмаштирилди.

George Glonti - Independent Board Member, Chairman of the Audit Committee /  Banking, Corporate Finance, Fintech, Turnaround Management | LinkedIn
Жорж Глонти

Янги сайланган аъзолар қаторида PASHA Bank Georgia кузатув кенгашининг мустақил аъзоси Жорж Глонти, CASPINET B.V. кузатув кенгаши аъзоси Сергей Назаренко, ICC Czech Republic кузатув кенгаши раиси Ян Чарни, Solidcore Resources директори Ричард Нолан Шарко ҳамда Incofin Investment Management гуруҳ раҳбари Марал Амрина бор. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори Расул Хамидов ҳам кенгашга киритилди.

Сергей Назаренко: Каждое решение должно учитывать цифровые риски
Сергей Назаренко — CASPINET B.V. кузатув кенгаши аъзоси

Глонти PASHA Bank Georgia’да катта мустақил аъзо сифатида фаолият юритади. Шарко эса Solidcore Resources’да мустақил, ижрочи бўлмаган директор бўлиб, аудит, молиявий ҳисоб ва риск бошқарувида 42 йилдан ортиқ тажрибага эга. Унинг фаолиятида PwC ҳамкорлигидаги 25 йил ҳам бор.

Richard Sharko
Ричард Нолан Шарко — Solidcore Resources’да мустақил, ижрочи бўлмаган директор

Марал Амрина Incofin’да Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги молия институтларига қарз инвестициялари бўйича гуруҳни бошқаради. У Эсхата Банк ҳисоботида ҳам мустақил директор сифатида қайд этилган. Завада эса Туронбанкнинг аввалги таркибида мустақил аъзо бўлган. Бироқ янги қарорда Туронбанкдаги мустақил аъзолик мақоми ҳар бир шахс учун алоҳида кўрсатилмаган.

Maral Amrina - Impact Investment Professional | Independent Board Director  | Governance, Audit and ESG expert | LinkedIn
Марал Амрина — Incofin Investment Management гуруҳ раҳбари

Банкнинг ижроия бошқарувида ҳам ўзгариш юз берди. Аввалроқ эълон қилинган кенгаш қарорига кўра, бошқарув раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Зоҳиджон Сидиқович Обидов ўз аризасига биноан лавозимидан озод қилинди. Унинг бошқарув аъзоси сифатидаги ваколатлари 29 сентябрдан тугатилган. Ушбу қарор ҳам 25 сентябрда қабул қилинган.

Банк хусусийлаштирилиши режа қилинмоқда

Кузатув кенгашининг янгиланиши банкнинг хусусийлаштиришга тайёргарлик режасига мос келади. Туронбанкнинг 2026 йилги бизнес-режасида мустақил директорлар сонини беш нафарга етказиш ва кенгаш раисини улар орасидан сайлаш белгиланган. Шу ҳужжатда давлат дастурлари бўйича маъмурий кредитлашни босқичма-босқич камайтириш ҳам назарда тутилган. 

Банк Халқаро молия корпорацияси — IFCдан 50 млн долларгача кредит линияси жалб қилишни ҳам режалаштирган. Шундан 25 млн долларни кейинчалик капиталга айлантириш имконияти билан олиш кўзда тутилган. Бизнес-режада KPMG билан активлар сифатини баҳолаш якунлангани ва IFC томонидан комплекс текширув ўтказилгани қайд этилган. 

Бундан ташқари, президентнинг 2026 йил 28 августдаги ПФ-177-сон фармонида Туронбанк давлат улушини хусусийлаштириш халқаро маслаҳатчилар хулосалари ва банкнинг сотувга тайёрлик даражасига қараб амалга оширилиши белгиланган. Жараён учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул.

Fitch ва S&P хусусийлаштириш истиқболини қандай баҳолаган?

Шунга қарамай, халқаро рейтинг агентликлари банкнинг тез орада сотилиши истиқболига эҳтиёткор қараган. Fitch Ratings’нинг 2026 йил июнидаги баҳосига кўра, Туронбанк ва Алоқабанк хусусийлаштирилишидан олдин йирикроқ давлат банклари сотилиши керак. Агентлик бундай сотувларни 2027 йилдан олдин кутмаган, ушбу икки банк бизнес моделини ўзгартириш эса камида бир неча йил олишини билдирган. 

S&P Global Ratings эса 2025 йил 21 июлдаги баҳосида Туронбанкни хусусийлаштириш муддати ноаниқлигини таъкидлаган. Агентлик бошқа давлат банкларини сотишдаги кечикишларни қайд этиб, банкнинг жозибадорлигини ошириш учун кредит портфелини тижорат йўналишларига буриш ва мустақил директорлар ролини кучайтириш режаларига эътибор қаратган. Ушбу баҳо янги кенгаш сайланишидан олдин берилган.

Pinkod ҳам Туронбанкнинг яқин бир йил ичида хусусийлаштирилишини кутмаяпти.

Бу баҳога йирикроқ давлат банклари — SQB ва Асакабанкни хусусийлаштириш жараёнлари ҳали якунланмагани ҳамда уларнинг сотув муддатлари бир неча бор сурилгани асос бўлмоқда.

Масалан, 2025 йил охиригача сотилиши режалаштирилган банкларнинг хусусийлаштирилиши кейинги йилларга қолдирилган эди. Ўшанда SQB бўйича якуний босқич 2025–2026 йилларга, Асакабанк, Алоқабанк ва Туронбанк бўйича эса 2026–2027 йилларга белгиланган. Кейинчалик янгиланган стратегияда 2026 йилда давлат банкларини сотиш режалаштирилмаётгани маълум бўлди. 

Айни пайтда SQBнинг 30 фоизлик улуши Ўзбекистон Миллий инвестиция фонди — UzNIF портфелига ўтказилган. Pinkod аввалроқ Fitch баҳосига таяниб, хусусийлаштириш стратегиясида асосий эътибор SQBга қаратилаётгани ҳақида ёзган эди. Агентликнинг ўша пайтдаги базавий сценарийсида банк назорат пакетининг сотилиши фонд IPOсидан кейин амалга ошиши мумкинлиги қайд этилган. 

UzNIFнинг Лондондаги IPOси 2026 йил майида ўтказилди. Бироқ фонд акцияларининг биржага чиқарилиши SQBнинг алоҳида IPOси ёки банк назорат пакетининг сотилиши билан бир хил жараён эмас. Franklin Templeton банкни трансформация қилиш орқали уни келгусида IPOга ёки стратегик инвесторга сотишга тайёрлашда иштирок этиши мумкин. 

Асакабанк бўйича эса Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 15 фоизлик улушни сотиб олиши кўзда тутилган. ЕТТБнинг акциядорлар таркибига кириши келишилган шартларнинг бажарилишига боғлиқ бўлиб, бу банкни кейинги хусусийлаштиришга тайёрлаш босқичи ҳисобланади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+