Хитой АҚШ маҳсулотларига нисбатан бож ставкасини 84 фоизгача оширди
Аввалроқ, АҚШ Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга бож тўловларини яна 50 фоизга ошириб, умумий ставкани 104 фоизга етказган эди.

Хитой АҚШ маҳсулотларига қўйиладиган бож ставкасини илгари эълон қилинган 34 фоиздан 84 фоизгача кўтаришини эълон қилди.
Бу ҳаракат АҚШ Президенти Доналд Трамп томонидан Хитой маҳсулотларига жорий этилган 104% лик божга жавобан амалга оширилмоқда.
Хитойнинг мазкур эълони Пекиннинг глобал савдо урушида чекинмоқчи эмаслигини англатади. Ушбу уруш Трампнинг 2 апрель куни деярли барча мамлакатларга нисбатан “ўзаро жавоб тарифлари”ни жорий қилиш қарори билан бошланган эди.
Бож тарифларига жавобан Хитой АҚШдан импорт қилинадиган маҳсулотларга ҳам 34 фоизлик бож жорий қилишини эълон қилди. Бу эса Трампни Хитой маҳсулотларига қўшимча 50 фоизлик бож қўйишга ундади.
Олдин эълон қилинган бож ставкалари билан бирга ҳисоблаганда, Трамп Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга жами 104 фоизлик тариф жорий қилган.
Тарифлар тўқнашуви натижасида Хитойдан маҳсулот олиб кираётган америкалик компаниялар оғир молиявий босим остида қолмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, улар бу харажатларни истеъмолчиларга юклайди. Натижада iPhone, кийим-кечак, электроника ва бошқа кўплаб маҳсулотлар нархи АҚШда ошиши мумкин.
9 апрель куни берган баёнотида Хитой Трампнинг яна қўшимча 50 фоизлик бож жорий қилиш қарорини “хатога устига хато” деб атади. Ундан ташқари, ХИтой томони Трампнинг савдо сиёсати бирёқлама сиёсат, протекционизм ва иқтисодий босимнинг яққол намунаси эканлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, Хитой АҚШнинг 11 та компаниясини “ишончсиз субъектлар” рўйхатига қўшди. Бу компаниялар Хитойдан ҳарбий ёки технологик жиҳатдан аҳамиятли маҳсулотларни харид қила олмайди. Рўйхатга кирганлар орасида АҚШ ҳарбий соҳаси билан боғлиқ бўлган American Photonics ва SYNEXXUS ҳам бор.
Ҳозирча Хитой муроса қилишга моил эмас. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Тсян шундай деди:
“Агар АҚШ муаммони мулоқот орқали ҳал қилишни истаса, у ҳолда тенглик, ҳурмат ва ўзаро манфаатга асосланган ёндашувни танлаши лозим.”
Тарафлар позициясидан келиб чиқиб, яқин орада музокараларнинг бошланиши даргумон. Иккала мамлакат ҳам иқтисодий босим орқали ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уринмоқда.
Мавзуга доир: Жаҳон иқтисодиёти инқироз ёқасидами?