Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари Хасанжон Ахмедов лавозимидан озод этилди
Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари Хасанжон Ахмедов ўз аризасига асосан лавозимидан озод этилди. У банк Бошқаруви аъзолигидан ҳам чиқарилган. Бу сўнгги ҳафталарда давлат банклари раҳбариятида кузатилаётган навбатдаги кадр ўзгариши бўлди.

Хасанжон Мухамадович Ахмедов Халқ Банки бошқарув раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда банк очиқлаган корпоратив ахборотдан маълум бўлди.
Ахмедов Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари этиб 2025 йил 12 февралда тайинланган эди. Унгача Ахмедов 2023 йилдан Халқ банкида комплекс раҳбари сифатида фаолият юритган. Банк тизимида Ипотека-банк, Ўзсаноатқурилишбанк ва Халқ банкида турли, жумладан раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Ахмедовнинг кетиши давлат банклари бошқарувида сўнгги ҳафталарда кузатилаётган кетма-кет ўзгаришларнинг давоми бўлди.
17 сентябрда Микрокредитбанк Кузатув кенгаши бошқарув раиси ўринбосари Содир Мелибаевни ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилган эди. Унинг Бошқарув аъзоси сифатидаги ваколати ҳам муддатидан олдин тугатилган. Янги бошқарув таркиби тасдиқланганда раис ўринбосарларидан бир ўрин вакант қолган.
Орадан бир ҳафта ўтиб, 24 сентябрда Халқ банкида Хасанжон Ахмедов бўйича қарор қабул қилинди.
25 сентябрда эса Туронбанк Кузатув кенгаши бошқарув раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Зоҳиджон Обидовнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатди. Унинг лавозими ва Бошқарув аъзоси сифатидаги ваколатлари 29 сентябрдан бекор қилинган. Обидов ҳам ўз аризасига асосан кетган.
30 сентябрда Алоқабанкда ҳам худди шундай қарор қабул қилинди. Бошқарув раиси ўринбосари Акмал Холмурадов ўз аризасига биноан лавозимидан озод қилинди ва унинг Бошқарув аъзоси сифатидаги ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Меҳнат шартномаси 5 октябрдан бекор қилинган.
Шу тариқа, 17 сентябрдан 30 сентябргача бўлган икки ҳафта ичида камида тўртта давлат банки — Микрокредитбанк, Халқ банки, Туронбанк ва Алоқабанкда биттадан бошқарув раиси ўринбосари лавозимини тарк этди.
Pinkod аввалроқ бир-биридан мустақил манбаларга таяниб, бошқа давлат банкларида ҳам шунга ўхшаш кадр ўзгаришлари кутилаётгани ҳақида хабар берган эди. Ҳозирча Марказий банк ёки ҳукумат давлат банкларида бошқарув раиси ўринбосарлари сонини умумий тартибда қисқартириш бўйича очиқ расмий баёнот бермаган.









