11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин Ҳозиргина ичида
Бозор
37

Шимолий Кореялик хакерлар Binance’дан 6,3 млрд долларлик криптоактивларни ўғирлади

Binance криптобиржаси тарихдаги энг йирик криптовалюта ўғирлигига учради. Активларнинг асосий қисми тахминан 20 дақиқада олиб чиқилган, қарийб 3 млрд долларлик маблағ эса музлатилган. Компания зарарни ўз ҳисобидан қоплашини билдирди.

Шимолий Кореялик хакерлар Binance’дан 6,3 млрд долларлик криптоактивларни ўғирлади

Дунёдаги энг йирик криптобиржа Binance 29 октябрь куни киберҳужум оқибатида тахминан 6,3 млрд долларлик криптоактивларини йўқотди. Компаниянинг маълум қилишича, ҳужум кундалик ўтказмалар учун ишлатиладиган, интернетга уланган “иссиқ ҳамёнлар”га қаратилган. 

Блокчейн таҳлили билан шуғулланувчи TRM Labs ҳисоб-китобига кўра, хакерлар ўнта блокчейндаги ҳамёнлардан жами 6,36 млрд долларлик активни олиб чиққан. Бу 2025 йил февралида Bybit биржасидан ўғирланган 1,5 млрд доллардан қарийб 4,2 баравар кўп. Маблағларнинг асосий қисми тахминан 20 дақиқада хакерлар назоратидаги манзилларга ўтказилган. 

Дастлаб Binance ҳужум муҳандислардан бирининг бузиб кирилган ноутбуки орқали бошланган бўлиши мумкинлигини билдирди. Бироқ кейинги текширувларда тизимга киришнинг бошқа нуқталари ҳам аниқланган. Компания ҳозирча ҳамёнларнинг махфий калитлари сизиб чиққанини тасдиқловчи далил топилмаганини маълум қилди. 

TRM Labs эса ҳужум транзакцияларни тасдиқлаш инфратузилмаси бузилганидан далолат беришини қайд этмоқда. Ташкилот ҳужумни Шимолий Кореяга алоқадор TraderTraitor гуруҳи билан юқори ишонч даражасида боғлаган. Бу таҳлилчиларнинг хулосаси бўлиб, Binance текширув давом этаётганини билдирмоқда. 

Ўғирланган активларнинг бир қисмини ҳаракатдан тўхтатишга эришилган. Binance’нинг 30 октябрдаги баёнотига кўра, ҳамкорлар билан биргаликда қарийб 3 млрд долларлик маблағ музлатилган. Бироқ музлатиш активлар биржага қайтарилганини англатмайди — уларни қайтариш бўйича ишлар давом этмоқда. 

Хакерлар эса музлатилиши мумкин бўлган токенларни биткоин ва эфир каби активларга алмаштиришга уринган. TRM Labs кузатувига кўра, улар назоратида эмитентлар бевосита музлата олмайдиган тахминан 2,4 млрд долларлик биткоин ва эфир қолган.

Binance зарар фойдаланувчилар зиммасига юкланмаслигини таъкидлади. Биржа йўқотилган активлар ўрнини тўлдириш учун 6,34 млрд доллардан ортиқ корпоратив маблағ ажратганини, шундан 5 млрд доллари айнан ўғирланган турдаги токенларда шакллантирилганини билдирди. Қолган активларни харид қилиш ишлари давом этмоқда. 

Хавфсизлик текширувлари сабаб маблағ ечиб олиш вақтинча тўхтатилган, ҳисобларни тўлдириш эса ишлашда давом этмоқда. Компания 30 октябрдаги янгиланишида ечиб олиш хизматини текширувлар якунига қараб босқичма-босқич тиклашни режалаштирган. Фойдаланувчи баланслари активлар билан қандай таъминланганини кўрсатувчи янгиланган захиралар ҳисоботини эса 2 ноябргача тайёрлашини маълум қилган. 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+