Вашингтонда Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши иш бошлади. Унинг вазифалари нималардан иборат?
АҚШ пойтахтида Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ишга туширилиши маросими бўлиб ўтди. Кенгаш инвестицияларни жалб қилиш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва стратегик лойиҳаларни илгари суришга қаратилган.

Душанба куни Вашингтон шаҳрида Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда кенгаш ҳамраислари — Саида Мирзиёева ва Сержио Гор иштирок этди.
Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида ушбу тузилма Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги бизнес алоқаларни мустаҳкамлаш учун самарали платформага айланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кенгаш ташкил этилишига икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юқори даражадаги ишонч ва сиёсий ирода замин яратган.

Сержио Гор ҳам Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида кенгаш фаолиятининг бошланиши “тижорат дипломатияси натижасида сўнгги ойлар ичида эришилган муҳим ютуқларнинг чўққиси” эканини қайд этди. Унга кўра, Доналд Трамп томонидан ўтган йил ноябрида ўтказилган C5+1 мулоқот формати саммитидан кейин Ўзбекистон Америка компаниялари билан юзлаб миллион долларлик шартномалар имзолаган.

Кенгашнинг асосий вазифалари
Президент фармонига мувофиқ, кенгаш бир қатор стратегик йўналишларда фаолият юритади:
- Стратегик лойиҳалар — йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни мувофиқлаштириш ҳамда амалга оширилишини мониторинг қилиш.
- Молиялаштириш ва фондлар — Ўзбекистонга инвестицияларни жалб этиш учун махсус инвестиция фондини ташкил этиш ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва Осиё тараққиёт банки каби молиявий институтларни стратегик лойиҳаларга жалб қилиш.
- Савдо ва IT ҳамкорлиги — тариф ставкаларини пасайтириш бўйича музокаралар олиб бориш ҳамда IT Park Uzbekistan резидентлари маҳсулот ва хизматларини АҚШ бозорида илгари суриш.
- Активларни диверсификация қилиш — Ўзбекистоннинг инвестиция портфели ва Марказий банк валюта захираларини АҚШдаги юқори ликвидли активларга йўналтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Дипломатик ва институционал қўллаб-қувватлаш
Кенгаш ташаббусларини амалга ошириш учун АҚШда бир қатор институционал ўзгаришлар ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили — маслаҳатчи-элчи лавозими жорий этилди. Ушбу лавозимга Комил Алламжонов тайинланган.
Шунингдек, инвестиция марказлари ва ўзбек диаспораси кўп яшайдиган ҳудудларни қамраб олиш мақсадида Филаделфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарларида қўшимча консулликлар очилиши режалаштирилган.
Тадбиркорлар учун янги имкониятлар
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон резидентлари учун АҚШда инвестиция фаолиятини амалга оширишдаги айрим банк чекловлари бекор қилинган. Бу ўзбек тадбиркорларига хорижий компаниялар устав фондига маблағ киритиш, филиалларни молиялаштириш ва бошқа операцияларни эркинроқ амалга ошириш имконини беради.









