12 126.100 so‘m

decrease

-32.490

14 171.770 so‘m

decrease

-67.150

159.110 so‘m

increase

1.230

12 126.100 so‘m

decrease

-32.490

8 соат аввал
Банк
35

Uzcard ёки HUMO: 2025 йилда қайси тўлов тизими кўпроқ фойда олди?

Ўзбекистоннинг икки йирик тўлов тизими Uzcard ва HUMO 2025 йил якунлари бўйича молиявий натижаларини эълон қилди. Ҳисоботларга кўра, ҳар икки компания даромад ва фойда кўрсаткичларини сезиларли даражада оширган. Соф фойда ҳажми бўйича Uzcard катта устунликка эга бўлган бўлса, йиллик ўсиш суръати HUMO’да юқорироқ қайд этилди.

Uzcard ёки HUMO: 2025 йилда қайси тўлов тизими кўпроқ фойда олди?
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистоннинг икки йирик тўлов тизими — Uzcard ва Humo 2025 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Ҳисоботлар шуни кўрсатадики, ҳар иккала компания ҳам ўтган йилда даромад ва фойда кўрсаткичларини сезиларли даражада оширган.

HUMO — 312,4 млрд сўм соф фойда

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO) 2025 йилда 312 млрд 454 млн сўм соф фойда қайд этди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 85,7 фоизга кўп.

Ҳисоботга кўра, HUMO тўлов тизимининг йиллик даромади 628,98 млрд сўмни ташкил этган. Бу 2024 йилга нисбатан 101,9 фоизга кўпроқ, яъни даромад деярли икки баравар ошган.

Шу билан бирга, компания харажатлари ҳам ошган — улар 214,96 млрд сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 120 фоизга кўпайган.

2025 йилда АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача курси 12 576 сўм бўлганини ҳисобга олганда, компаниянинг соф фойдаси тахминан 28,4 млн долларни ташкил этган.

Мазкур даврда HUMO активлари 434,8 млрд сўмдан 714,4 млрд сўмга ошган. Устав капитали эса ўзгаришсиз қолиб, 155,4 млрд сўмни ташкил этган.

Uzcard — 1,3 трлн сўм соф фойда

“Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ (Узcард) эса 2025 йилда 2,17 трлн сўм тушум ва 1,3 трлн сўм соф фойда қайд этди.

Таққослаш учун, 2024 йилда компаниянинг тушуми 1,29 трлн сўмни ташкил этган.

Uzcard даромадининг асосий қисми қуйидаги манбалардан шаклланган:

  • транзаксияларни процессинг қилишдан олинган комиссиялар — 1,94 трлн сўм
  • транзаксион бўлмаган процессинг хизматлари — 230,6 млрд сўм
  • бошқа тушумлар — 2,6 млрд сўм

2025 йил якунларига кўра, компаниянинг операцион фойдаси 1,51 трлн сўмни ташкил этган (2024 йилда — 903,9 млрд сўм). Йил якунида соф фойда 1,3 трлн сўмга етган. Таққослаш учун, 2024 йилда Uzcard 955,7 млрд сўм соф фойда кўрган.

Солиқ тўловлари

Молиявий кўрсаткичлар сезиларли ошганига қарамай, ҳар иккала тизим ҳам амалдаги солиқ имтиёзлари сабабли нисбатан кам миқдорда солиқ тўлаган.

HUMO компанияси соф фойдаси қарийб 86 фоизга ошганига қарамай, 2025 йилда 15,2 млрд сўм даромад солиғи тўлаган. Бу 2024 йилга нисбатан 15,8 млрд сўмга кам. Бунга сабаб компания 2025 йил 30 апрелдан IT Park резиденти мақомини олгани ва солиқ имтиёзларидан фойдаланганидир.

Uzcard эса 2025 йилда бюджетга атиги 6 млрд сўм фойда солиғи тўлаган. Компания ҳам IT Park резиденти сифатида Ўзбекистон ҳудудидаги фаолияти бўйича фойда солиғидан озод этилган.

Имтиёзлар бекор қилинади

Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелдан тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари IT Park резидентлари рўйхатидан чиқарилди. Қонунчиликдаги ушбу ўзгаришлар натижасида Uzcard ва HUMO ҳам IT Park резиденти мақомини йўқотади ва фойда солиғи бўйича берилган имтиёзлардан фойдалана олмайди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+