UZCARD ярим йилда 1,15 трлн сўм соф фойда олди
UZCARD’нинг соф фойдаси 2026 йилнинг биринчи ярмида 84,2 фоизга ошиб, 1,15 трлн сўмга етди. Банкларнинг оператив натижалари билан таққослаганда, фақат “Ипотека-банк” ва “Ўзмиллийбанк” UZCARD’дан кўпроқ фойда олган.

“Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ — UZCARD тўлов тизими оператори 2026 йилнинг январь–июнь ойларига оид молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Аудитланмаган МҲХС ҳисоботига кўра, компания биринчи ярим йилликда 1 трлн 145,2 млрд сўм соф фойда олган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 621,6 млрд сўмни ташкил этган.
Шу тариқа, UZCARD’нинг соф фойдаси бир йил ичида 523,6 млрд сўм ёки 84,2 фоизга ошган.
Банкларнинг 2026 йил биринчи ярмидаги оператив натижалари билан таққослаганда, UZCARD соф фойда ҳажми бўйича аксарият тижорат банкларини ортда қолдирган. Фақат “Ипотека-банк” — 1,39 трлн сўм ва “Ўзмиллийбанк” — 1,21 трлн сўм билан юқорироқ натижа қайд этган. UZCARD’нинг фойдаси СҚБнинг 1,11 трлн сўмлик натижасидан ҳам кўпроқ.
Ҳисобот даврида компаниянинг тушуми 39,1 фоизга ошиб, 953,3 млрд сўмдан 1 трлн 325,6 млрд сўмга етган.
Даромаднинг 1,2 трлн сўмлик қисми транзакцияларни процессинг қилишдан олинган комиссияларга тўғри келади. Бу йўналишдаги тушум бир йилда 40,8 фоизга ошган ва жами даромаднинг 90,4 фоизини шакллантирган.
Транзакцион бўлмаган процессинг хизматларидан олинган даромад эса 25,1 фоизга кўпайиб, 126,4 млрд сўмни ташкил этган.
UZCARD’нинг операцион фойдаси ҳам 41,3 фоизга ошиб, 899,2 млрд сўмга етди. Бироқ соф фойданинг операцион натижага нисбатан тезроқ ўсишига кредит йўқотишлари учун яратилган резервларнинг тикланиши таъсир қилган.
Компания илгари берилган ва ҳисобот даврида ёпилган қарзлар бўйича 269,2 млрд сўмлик резервни тиклаган. Натижада кутилаётган кредит йўқотишлари бўйича 256,4 млрд сўм соф даромад қайд этилган. Ўтган йилнинг мос даврида бу йўналишда 21,6 млрд сўмлик харажат мавжуд эди.
Айни пайтда UZCARD’нинг молиявий даромадлари 2,6 бараварга ошиб, 68,5 млрд сўмга етган.
Компаниянинг ходимлар учун харажатлари 18,9 фоизга кўпайиб, 123,2 млрд сўмни ташкил этди. Маҳсулотларни илгари суриш ва мижозларни жалб қилиш учун 103,1 млрд сўм сарфланган. Бу ўтган йилга нисбатан 30,3 фоизга кўп.
UZCARD 2026 йил 1 апрелдан IT Park резиденти мақомини йўқотган. Натижада компания фойда солиғининг стандарт 15 фоизлик ставкасини тўлай бошлади. Ярим йилликдаги фойда солиғи харажатлари бир йил аввалги 3,1 млрд сўмдан 71,3 млрд сўмгача ошган.
30 июнь ҳолатига компаниянинг жами активлари йил бошидан 12 фоизга кўпайиб, 1,22 трлн сўмга етган. Хусусий капитал 24,5 фоизга ошиб, 1,01 трлн сўмни, мажбуриятлар эса 24,2 фоизга қисқариб, 210,9 млрд сўмни ташкил этган.
Avvalroq Pinkod Payme yarim yilda 206 mlrd soʻm sof foyda olgani haqida yozgan edi.









