12 035.260 so‘m

decrease

-15.080

13 710.570 so‘m

increase

25.000

151.460 so‘m

decrease

-1.830

12 035.260 so‘m

decrease

-15.080

30 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
33

Тошкентдаги 35 та бозор ва савдо объекти сотувга қўйилади

Тошкентдаги 13 та бозор ва савдо мажмуаси, уларнинг 21 та филиали ҳамда битта автотураргоҳ оммавий савдоларга чиқарилади. Рўйхатдаги объектлар жами 91,9 гектар ер майдони ва 519,4 минг квадрат метр бино-иншоотларни эгаллайди.

Тошкентдаги 35 та бозор ва савдо объекти сотувга қўйилади
Фото: AI/Pinkod.uz

Президентнинг 27 июлдаги ПҚ–279-сон қарори билан оммавий савдоларга чиқариладиган бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиаллари рўйхати тасдиқланди.

Сотувга чиқариладиган асосий объектлар орасида:

  • 6 та деҳқон бозори — Наврўз, Сергели, Авиасозлар, Қорақамиш, Фарҳод ва Қўйлиқ;
  • 4 та савдо комплекси — Чилонзор буюм савдо комплекси, Бек тўпи, Паркент универсал ва Ўрикзор;
  • 2 та ихтисослашган бозор — Сергели машина бозори ва Янгиобод бозори;
  • “Бешқўрғон савдо” мажмуаси бор.

Бундан ташқари, Наврўз деҳқон бозорининг еттита, Сергели деҳқон бозорининг олтита, Қорақамиш деҳқон бозорининг бешта, Юнусобод деҳқон бозорининг иккита ва Янгиобод бозорининг битта филиали сотувга чиқарилади.

Рўйхатга Чилонзор буюм савдо комплексига қарашли, Бек тўпи савдо комплекси ёнида жойлашган 0,48 гектарлик автотураргоҳ ҳам киритилган. Бек тўпи савдо комплексининг ўзи эса алоҳида объект сифатида сотувга қўйилади.

Ер майдони бўйича энг йирик объект Сергели машина бозори ҳисобланади. У 23,7 гектар ҳудудни эгаллайди, бино ва иншоотларининг умумий майдони эса 60,7 минг квадрат метрни ташкил этади.

Кейинги ўринларда Янгиобод ихтисослашган бозори — 15,1 гектар ва Чилонзор буюм савдо комплекси — 12,2 гектар билан турибди. Бино ва иншоотлар майдони бўйича Чилонзор буюм савдо комплекси етакчи — 137,9 минг квадрат метр.

Объектлар тегишли компанияларнинг бошқарув органлари қарорлари асосида оммавий савдоларга чиқарилади. Бунда бозорларнинг давлат улуши ёки уларга тегишли бино ва иншоотлар сотилиши мумкин.

Савдога тайёргарлик доирасида “Тошкент инвест компанияси” объектларнинг бош режасини ишлаб чиқади. Компанияга сотувдан тушган маблағнинг 1 фоизи ҳамда савдони ташкил этиш харажатлари ўтказилади.

Харидорлар бозорлар ўрнида замонавий экобозор, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўнгилочар марказлар ҳамда кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиши керак бўлади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+