Тошкентда ижара нархлари ноябрь ойида 5 фоизга кўтарилди
Ноябрь ойида Ўзбекистонда олди-сотди битимлари сони ўтган йилга нисбатан 13 фоизга кўпайди. Тошкент шаҳрида эса ижара нархлари йиллик ҳисобда 5 фоизга ўсди. Айрим ҳудудларда нархлар пасайган бўлса-да, пойтахтда талаб юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Ноябрь ойида уй-жой олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,2 фоизга ошиб, қарийб 25 мингта битимни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумот берди.
Йиллик ҳисобда энг юқори ўсиш Бухоро (35,4%), Қашқадарё (26,5%) ва Самарқанд (21,7%) вилоятларида қайд этилди.
Мамлакат бўйича амалга оширилган уй-жой битимларининг қарийб 30 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Ноябрь ойида пойтахтда уй-жой савдоси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,8 фоизга ошди.
Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозори
Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой нархлари ўртача 0,9 фоизга пасайди. Аксинча, бирламчи бозорда нархлар 4 фоизга ошди.
Иккиламчи бозорда нархларнинг энг сезиларли пасайиши Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида кузатилиб, бу ҳудудларда ўртача пасайиш 5 фоизни ташкил этди.
Бирламчи уй-жой бозорида эса энг юқори нарх ўсиши Яккасарой, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда нархлар ўртача 9 фоизга ошган.
Тошкентда ижара бозори
Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларининг ўртача даражаси бир квадрат метр учун 8,7 АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 5 фоизга юқори.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархлари энг юқори даражада сақланиб қолмоқда — бу ҳудудларда бир квадрат метр учун ўртача нарх 11 долларни ташкил этади.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек, Миробод ва Бектемир туманларида ижара нархларининг йиллик ўсиши кузатилиб, ўртача 8 фоиз атрофида қайд этилди.
Иккиламчи уй-жой бозори
Мамлакат бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар йиллик ҳисобда ўртача 7 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида кузатилиб, мазкур ҳудудларда нархлар ўтган йилга нисбатан ўртача 17 фоизга кўтарилди.









