12 171.610 so‘m

decrease

-24.390

14 117.850 so‘m

decrease

-23.410

149.800 so‘m

decrease

-1.940

12 171.610 so‘m

decrease

-24.390

10 соат аввал
Бозор
38

Тошкентда Англия ва Уэлс ҳуқуқига асосланган халқаро молия маркази ташкил этилади

Тошкент халқаро молия марказини Англия ва Уэлснинг умумий ҳуқуқи (common law) элементлари асосида ишлайдиган махсус ҳуқуқий режим билан ташкил этиш таклиф қилинди. 

Ҳисоб-китобларга кўра, марказ 2030 йилгача иқтисодиётга қўшимча $20–25 млрд инвестиция жалб қилиши, ЯИМ ўсишига ҳар йили 1% гача ҳисса қўшиши ва 15 мингтагача юқори малакали иш ўрни яратиши мумкин.

Тошкентда Англия ва Уэлс ҳуқуқига асосланган халқаро молия маркази ташкил этилади
Фото: AI/Pinkod.uz

25 март куни Президент Шавкат Мирзиёев банк ва молия тизимини ривожлантиришга оид режалаштирилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Таъкидланишича, глобал геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда инвестицияларни жалб қилиш бўйича давлатлар ўртасидаги рақобат ҳам тобора ортмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, иқтисодий салоҳияти ва амалга оширилаётган ислоҳотлари инвесторлар учун муҳим устунлик бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.

“Кўплаб халқаро компаниялар минтақавий хавф-хатарларни баҳолаб, янги бозорларни ўрганишни бошлаган. Бу биз учун тарихий имконият. Шу вазиятда фурсатни бой бермасдан, халқаро молия компанияларини ўзимизга тезроқ жалб қилишимиз шарт”, — деди президент.

Жорий йилда 50 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилиш мақсадига эришиш учун инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига киришини енгиллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун замонавий инфратузилма яратиш, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий режим жорий этиш, қўшимча қулайликлар тақдим этиш ҳамда энг муҳими — ишончли ва шаффоф бизнес муҳитини шакллантириш зарур.

Йиғилишда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилишича, мазкур марказ янги турдаги инвестицияларни жалб қилиш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг самарали воситаларидан бири бўлиши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача молия маркази орқали иқтисодиётга қўшимча 20–25 миллиард доллар инвестиция жалб этилиши, ялпи ички маҳсулот ўсишига ҳар йили қўшимча 1 фоизгача ҳисса қўшилиши мумкин. Шунингдек, 15 мингтагача юқори малакали иш ўринлари яратилиши ва 10 минг нафарга яқин мутахассис малакасини ошириш режалаштирилмоқда.

Марказ фаолияти учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилиши кўзда тутилган. Унга кўра, Англия ва Уэлснинг умумий ҳуқуқи марказ тўғрисидаги қонунларга зид бўлмаган даражада қўлланади.

Марказнинг бошқарув органлари ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қабул қилиш ваколатига эга бўлади, низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган Тошкент халқаро тижорат суди ва халқаро арбитраж маркази фаолияти йўлга қўйилади.

Марказ резидентлари учун капиталнинг эркин ҳаракати ва репатриацияси, эркин валюта операциялари, замонавий тўлов воситалари, жумладан, рақамли активлар билан ишлаш, имтиёзли солиқ режими, соддалаштирилган виза тартиби каби кенг имкониятлар яратилиши белгиланган.

Молия-инвестиция ва банк фаолияти, суғурта, рақамли активлар, қимматли қоғозлар, тўлов тизимлари ва хизматлари, молиявий технологиялар билан боғлиқ хизматлар марказнинг асосий фаолият йўналишлари бўлади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+