11 970.680 so‘m

increase

36.040

13 902.750 so‘m

increase

6.060

163.180 so‘m

decrease

-0.960

11 970.680 so‘m

increase

36.040

Якин 44 дақиқа ичида
Иқтисодиёт
20

Тошкентда 1 сентябрдан автобус йўлкираси фақат чиқиш вақтида тўланади

Шунингдек, пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларида интеграциялашган тўлов тизими жорий этилиб, “электропоезд–автобус” ҳамда “электропоезд–метро” йўналишлари учун янги тариф режаларини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Тошкентда 1 сентябрдан автобус йўлкираси фақат чиқиш вақтида тўланади
Фото: AI/Pinkod.uz

Ҳукуматнинг “Шаҳар йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга мувофиқ, 2027 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга ҳайдовчи билан бирга 60 нафар ёки ундан ортиқ йўловчини ташишга мўлжалланган янги транспорт воситаларини олиб киришда утилизация йиғими ноль ставкада қўлланилади.

Гап “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига жавоб берадиган М3 тоифадаги, III синфга мансуб бўлмаган автобус, электробус ва троллейбуслар ҳақида бормоқда.

Шунингдек, брутто-шартнома асосида ташкил этилган мунтазам шаҳар автобус йўналишларида тушумлар тўлиқлигини таъминлаш мақсадида 2026 йил 1 сентябрдан янги тартиб жорий этилади.

Унга кўра, валидаторлар билан жиҳозланган автобусларда йўловчилар йўлкира ҳақини автобусга чиқиш вақтида тўлаши ёки имтиёзли юриш ҳуқуқини тасдиқлаши керак бўлади.

Тўлов қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:

  • транспорт картасини валидаторга теккизиш орқали валидация қилиш;
  • банк картаси, смартфон ёки бошқа контактсиз электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш;
  • NFC, QR, биометрик идентификация, BLE, UWB ва бошқа технологиялар орқали тўлаш;
  • ижтимоий ёки транспорт картасини валидаторга теккизиб, имтиёзли ёхуд бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаш.

Агар йўловчи автобусга чиқиш вақтида йўлкира ҳақини белгиланган усуллардан бири орқали тўламаса ёки бепул/имтиёзли юриш ҳуқуқини тасдиқламаса, у чиптасиз юрган деб ҳисобланади.

Қарор билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, шаҳарларнинг транспорт ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаларига мувофиқ, шаҳар четидан кўпи билан 12 километргача чиқадиган йўналишлар ҳам шаҳар автобус йўналишлари сифатида эътироф этилади.

Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2026 йил 1 сентябрга қадар Тошкент жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларида йўлкира ҳақини тўлашнинг интеграциялашган тизимини жорий этиши белгиланди. Мазкур тизим доирасида “электропоезд–автобус” ва “электропоезд–метро” йўналишлари учун жозибадор тариф режаларини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.


2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкентдаги автобусларда йўл ҳақи учун тўловларни нақд пулда қабул қилиш тўхтатилган эди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+