Тўлов хизматларидаги пул ўтказмалари устидан назорат кучайтирилади
2025 йил 2 июлдан бошлаб 11,25 млн сўм ва ундан ортиқ пул ўтказмалари ҳамда 187,5 млн сўмдан катта аккаунтсиз транзаксиялар бўйича мижозларни мажбурий текшириш жорий қилинмоқда.

28 март куни Адлия вазирлиги ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши курашишга оид ички назорат қоидаларига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қарорни рўйхатдан ўтказди.
Ушбу ҳужжат Марказий банк бошқаруви ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ишлаб чиқилган.
Эндиликда тўлов ташкилотлари фуқаролар мобил иловалар орқали аккаунт очмоқчи бўлса, уларни мажбурий тартибда текшириши керак бўлади. Шунингдек, товар ва хизматлар етказиб берувчилар электрон терминал (Э-ПОС) олиш учун мурожаат қилганларида ҳам текширувдан ўтказилади.
Қоидаларда белгиланишича, БҲМнинг 30 баравари (11,25 млн сўм) ёки ундан ортиқ миқдордаги пул ўтказмаларини амалга ошираётган жўнатувчи ва олувчиларни текшириш мажбурий бўлади. Агар аккаунт очмасдан БҲМнинг 500 баравари (187,5 млн сўм) ёки ундан кўп миқдорда пул ўтказилса, бу ҳолатда ҳам текширув шарти қўйилади.
Электрон пул тизимлари орқали БҲМнинг 30 баравари ёки ундан кўп суммадаги ички ўтказмалар амалга оширилганда, операцияга хизмат кўрсатувчи томоннинг ҳисобварақ рақами ёки операция идентификатори ҳамда пул олувчининг ҳисобварақ рақами ёки идентификаторини илова қилиш зарур бўлади.
Жўнатувчи шахс ҳақида қуйидаги маълумотлар мажбурий тарзда тақдим этилиши керак:
– Жисмоний шахслар учун: паспорт ёки ИД-карта серияси ва рақами, туғилган сана ва жой;
– Юридик шахслар учун: ташкилот номи ва солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР).
Агар олувчининг банки ушбу маълумотларни бошқа манбалардан олиш имконига эга бўлса, фақат жўнатувчининг ЖШШИР, ҳисобварақ рақами ёки операция идентификатори кўрсатилиши етарли бўлади.
БҲМнинг 30 бараваригача бўлган пул ўтказмалари эса фақат жўнатувчи ва олувчининг асосий маълумотлари билан амалга оширилиши мумкин.
Янги тартиб 2 июлдан бошлаб кучга киради.