12 130.010 so‘m

increase

32.080

14 245.480 so‘m

increase

50.980

153.040 so‘m

increase

1.270

12 130.010 so‘m

increase

32.080

18 соат аввал
Банк
51

Тимур Ишметов AFI Директорлар кенгаши раиси ўринбосари этиб сайланди

Ишметов шунингдек Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича AFI Директорлар кенгашида Ўзбекистон номидан вакиллик қилади.

Тимур Ишметов AFI Директорлар кенгаши раиси ўринбосари этиб сайланди
Фото: Сенат матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов Молиявий инклюзия альянси (AFI) Директорлар кенгаши раиси ўринбосари этиб сайланди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 5 декабрь куни бўлиб ўтган АФИ Директорлар кенгаши йиғилишида Тимур Ишметов мазкур лавозимга, шунингдек, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича Директорлар кенгашидаги вакил сифатида сайланган.

Ўзбекистон Марказий банки 2018 йилдан буён AFI’нинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади ва ташкилотнинг бир қатор бошқарув органларида, жумладан, Бюджет ва молия қўмитаси ҳамда Гендер инклюзив молиялаштириш қўмитаси фаолиятида иштирок этиб келмоқда. Ҳозирда Марказий банк раиси АФИънинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Сиёсий ташаббусига раислик қилмоқда.

“Ўзбекистон Марказий банкининг AFI Директорлар кенгаши таркибига қабул қилиниши мамлакатимизда молиявий инклюзияни кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда инклюзив молиявий экотизимни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга берилган муҳим эътирофдир”, — деди Тимур Ишметов.

Таъкидланишича, ушбу тайинлов Ўзбекистонга далилларга асосланган ёндашувлар ва ислоҳотларга йўналтирилган сиёсий қарашларни глобал майдонда илгари суриш имконини беради. Шунингдек, AFI’нинг кенг тармоғи доирасида адолатли, барқарор ва келажакка йўналтирилган молиявий тизимларни ривожлантиришга ҳисса қўшилади.

Маълумот учун, AFI Директорлар кенгаши ташкилот фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилайди, устувор вазифаларни аниқлайди ҳамда альянснинг узоқ муддатли ривожланиши бўйича тавсиялар беради.

Тимур Ишметовнинг АФИ Директорлар кенгаши раиси ўринбосари сифатидаги ваколатлари 2026 йилда бўлиб ўтадиган Йиллик умумий йиғилишда АФИ Аъзолар кенгаши томонидан расман тасдиқланади.


AFI ҳақида

AFI (Молиявий инклюзия альянси) — бу дунё бўйлаб молиявий инклюзияни ривожлантиришга қаратилган етакчи халқаро тармоқдир.

AFI 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, у ривожланаётган ва ўтиш давридаги мамлакатлар марказий банклари, молиявий регуляторлар ва сиёсат юритувчи институтларни бирлаштиради. Альянснинг асосий мақсади — аҳолининг кенг қатламлари, айниқса кам таъминланган гуруҳлар, аёллар, ёшлар ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.

AFI фаолияти далилларга асосланган сиёсат ишлаб чиқиш, аъзолар ўртасида тажриба алмашиш ва муваффақиятли амалиётларни жорий этишга қаратилган. Ташкилот доирасида молиявий саводхонлик, рақамли молия, гендер инклюзив молиялаштириш, кичик бизнесни молиялаштириш ҳамда барқарор молиявий тизимларни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар сифатида белгиланади.

Альянснинг муҳим ташаббусларидан бири — Мая декларацияси бўлиб, у орқали мамлакатлар молиявий инклюзия бўйича аниқ ва ўлчаб бўладиган мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Бугунги кунда AFI’га 80 дан ортиқ мамлакатдан 90 га яқин институт аъзо бўлиб, улар биргаликда глобал молиявий инклюзия сиёсатини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+