11 968.590 so‘m

increase

16.350

14 020.010 so‘m

increase

56.210

147.740 so‘m

decrease

-0.070

11 968.590 so‘m

increase

16.350

1 кун аввал
Технология
47

Telegram’нинг Россиядаги 500 млн долларлик облигациялари Ғарб санкциялари туфайли музлатилди

Ғарб санкциялари сабаб Telegram’нинг қарийб 500 миллион долларлик облигациялари Россиянинг марказий депозитарийсида музлатиб қўйилди. Бу ҳолат Павел Дуров Москва билан алоқаларни узишга уринаётган бир пайтда, компания ҳануз Россия молия инфратузилмасига қисман боғлиқ эканини кўрсатмоқда.

Telegram’нинг Россиядаги 500 млн долларлик облигациялари Ғарб санкциялари туфайли музлатилди
Фото: AI/Pinkod.uz

Россияда Telegram’нинг қарийб 500 млн долларлик облигациялари Ғарб санкциялари сабабли музлатиб қўйилди. Бу ҳақда FInancial Times нашри хабар берди.

Ушбу ҳолат асосчи Павел Дуров сўнгги йилларда Москва билан алоқаларни узишга уринганига қарамай, мессенжернинг Россия молия инфратузилмасига ҳануз қисман боғлиқ эканини кўрсатиб берди.

Telegram сўнгги йилларда қарз юкини камайтириш мақсадида бир неча бор облигациялар чиқарган. Хусусан, 2025 йил май ойида компания 1,7 млрд долларлик облигацияларни жойлаштирди. Инвесторлар билан мулоқотлардан хабардор FT манбаларига кўра, Telegram 2026 йилда муддати тугайдиган қарз мажбуриятларининг катта қисмини қайтариб сотиб олишга улгурган.

Шунга қарамай, компания ҳали ҳам муомалада бўлган 500 миллион долларлик облигациялар Россиянинг Марказий қимматли қоғозлар депозитарийсида (НСД) санкциялар туфайли ҳаракатсиз ҳолга келганини маълум қилган. Бу эса қарзни ўз вақтида тўлаш ва қайта молиялаштириш жараёнларини жиддий мураккаблаштирмоқда.

Мазкур вазият 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия томонидан НСДга нисбатан жорий этилган активларни музлатиш чораларининг бевосита оқибатидир. Бу чекловлар Россия инфратузилмаси орқали чиқарилган қимматли қоғозларга эга бўлган ҳар қандай халқаро компанияга таъсир қилмоқда.

Бу ҳолат Павел Дуров учун айниқса ноқулай бўлди. У узоқ йиллардан буён Телеграмъни Кремль таъсиридан мустақил платформа сифатида кўрсатиб келади ва Россия билан боғлиқлик ҳақидаги даъволарни “фитна назариялари” сифатида рад этиб келаётган эди.

Ушбу маълумотлар Telegram потенциал IPO (бирламчи оммавий жойлаштириш) имкониятларини ўрганаётган бир пайтда пайдо бўлди. Бироқ, бу режалар Дуровнинг Франциядаги суд жараёнлари сабаб кечиктирилган.

Павел Дуров ким?

Павел Дуров 2007 йилда Россиянинг энг йирик ижтимоий тармоғи — VKontakte’ни яратгани учун “Россиянинг Марк Сукерберги” сифатида танилган. Миллиардер 2014 йилда VKontakte’даги украиналик фойдаланувчиларнинг маълумотларини Россия хавфсизлик хизматига беришдан бош тортгани ва босим остида ўз улушини Кремлга алоқадор тузилмаларга сотганидан сўнг мамлакатни тарк этганини айтган.

Тахминан ўша пайтда у Telegram’га асос солган ва кейинчалик гуруҳни Дубайга кўчириб, у ерда сўз эркинлигига содиқ қолиши ва ҳукумат аралашувига қарши туришини таъкидлаган.

Telegram бугунги кунда АҚШдаги Meta ёки X (собиқ Twitter) каби рақобатчилардан фарқли равишда 100 нафардан кам тўлиқ ставкали ходим билан ишлайди. Шунга қарамай, платформа 1 млрддан ортиқ фойдаланувчига эга бўлиб, реклама ва премиум обуналар орқали жиддий даромад ола бошлаган.

Telegram’нинг молиявий кўрсаткичлари

Аудитдан ўтмаган ярим йиллик ҳисоботларга кўра:

  • 2025 йил 30 июнь ҳолатига Telegram’нинг нақд маблағлари 910 миллион долларни ташкил этган (бир йил аввал 142 млн доллар).
  • 2025 йилнинг биринчи ярмида даромадлар 870 млн долларга етиб, йилига нисбатан 65 фоиздан кўпроқ ўсган.
  • Даромаднинг қарийб 300 млн доллари “эксклюзив келишувлар” ҳиссасига тўғри келган бўлиб, улар Toncoin билан боғлиқ экани тахмин қилинмоқда.
  • Премиум обуналар даромади 88 фоизга ўсиб, 223 млн долларга етган.

Шу билан бирга, операцион фойда қарийб 400 млн долларни ташкил этганига қарамай, ярим йиллик соф зарар 222 млн доллар бўлган. Бунга 2025 йилда крипто бозоридаги пасайиш фонида Telegram’нинг Toncoin захиралари қийматини ҳисобдан чиқариши сабаб бўлган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+