Telegram тез орада биометрик Passkey орқали киришни жорий қилади
Ушбу технология фойдаланувчиларга аккаунтга кодсиз ва рақамсиз кириш имконини беради. Биометрик тасдиқ ёки PIN орқали амалга ошириладиган бу усул хавфсизликни ошириб, кириш жараёнини анча тезлаштиради.

Telegram яқин келажакда Passkey — яъни кириш калитлари орқали авторизацияни йўлга қўймоқчи.
Android учун Telegram’нинг 12.2.8 Beta-версиясида бу функциянинг илк белгілари аллақачон пайдо бўлди.
Passkey’нинг энг катта қулайлиги — аккаунтга кириш учун телефон рақами ёки бир марталик код киритишга ҳожат йўқлигидадир. Бу почта орқали кириш ёки Google/Apple ID орқали авторизациядан фарқ қилади, чунки Passkey уларнинг ўрнини бутунлай босади.
Илованинг очилиш саҳифасига “Log in using passkey” тугмаси қўшилган. Фойдаланувчи уни босганда телефондаги парол менежери ишга тушади. У шахсни юзни аниқлаш, бармоқ изи ёки PIN-код орқали тасдиқлайди, кейин Telegram’га керакли калитни юборади. Ушбу калит бир вақтнинг ўзида логин, пароль ва тасдиқлаш коди ўрнида ишлайди.
Бу функциядан фойдаланиш учун уни Telegram’нинг махфийлик созламаларида олдиндан ёқиб қўйиш керак бўлади. Калит уни яратган телефонда сақланади, лекин Google Password Manager, iCloud Passwords ёки бошқа парол сақловчи иловалар орқали бошқа қурилмаларга ҳам синхронлаштирилади.
Нега бу муҳим?
- SMS’га боғлиқлик камаяди. Операторлар SMS’ни блоклаган ҳолатларда ҳам кириш имкони бўлади.
- Хавфсизлик юқори. Passkey телефоннинг ҳимояланган ҳудудида сақланади, уни фишинг орқали қўлга киритиб бўлмайди.
- Кириш янада тез. Фақат битта биометрик тасдиқ — бармоқ изи ёки юзни аниқлаш кифоя қилади. Телефонни янгилаганда эса Passkey Google ёки Apple ID орқали автоматик ўтади.
Ҳозирча функция синов жараёнида бўлиб, тўлиқ ишламайди.









