Telegram ишлашида глобал узилишлар қайд этилди
Downdetector маълумотларига кўра, Россия, Ўзбекистон, Германия, Нидерландия ва АҚШда фойдаланувчилар хабар юбориш ҳамда медиа файлларни юклашда муаммоларга дуч келмоқда. Носозлик сабаблари ҳозирча расман маълум қилинмаган.

Telegram мессенжерида кенг кўламли носозлик кузатилмоқда. Бу ҳақда турли давлатлар, жумладан Россия ва Марказий Осиё мамлакатларидаги фойдаланувчилар хабар бермоқда. Носозликлар ҳақидаги маълумотлар Downdetector хизматида ҳам қайд этилган.
Фойдаланувчилар шикоятларига кўра, сервис барқарор ишламаяпти: матнли хабарларни юбориш, фотосуратлар, видеолар ҳамда бошқа медиафайлларни юклашда қийинчиликлар юзага келмоқда.

Муаммолар ҳақида хабарлар турли шаҳар ва ҳудудлардан келиб тушмоқда. Бу эса Telegram инфратузилмаси ёки унинг айрим компонентларида носозлик юзага келган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Хабар берилишича, муаммо фақат Россияда эмас — Ўзбекистон, Германия, Нидерландия ҳамда АҚШдаги фойдаланувчилар ҳам мессенжер ишлашида узилишлар кузатилаётганини билдирган.
Мақола эълон қилинган пайтда носозлик сабаблари расмий равишда маълум қилинмаган.









