Telegram 13 йиллиги муносабати билан янги версиясини тақдим этди
Telegram гуруҳ ва каналга янги қўшилган фойдаланувчилар учун алоҳида саломлашув хабарларини созлаш имкониятини ишга туширди. Бундай хабар фақат янги аъзонинг ўзига кўринади ва умумий чатда чиқмайди. Мессенжернинг навбатдаги янгиланишида хабар ичига интерфаол тугмалар, ҳужжатлар ва мусиқаларни жойлаштириш имконияти ҳам яратилди.

Telegram мессенжер ишга туширилганинг 13 йиллиги муносабати билан янги версиясини тақдим этди.
Янги аъзолар учун алоҳида саломлашув хабари
Гуруҳ ва канал эгалари энди янги аъзолар учун махсус саломлашув хабарларини тайёрлаши мумкин. Фойдаланувчи гуруҳ ёки каналга қўшилганда ушбу хабарни фақат унинг ўзи кўради.

Бу орқали янги аъзога гуруҳ қоидалари, канал ҳақида маълумот, муҳим ҳаволалар ёки бошқа кўрсатмаларни умумий чатни ортиқча хабарлар билан тўлдирмасдан етказиш мумкин.
Саломлашув тўплами фақат битта матндан иборат бўлиши шарт эмас. Унга бир нечта хабар, расм, видео ва бошқа медиафайлларни қўшиш мумкин. Бой матн муҳаррири орқали хабар ичида жадваллар, форматланган матн ва ички медиафайллардан ҳам фойдаланиш мумкин.
Саломлашув хабари қандай созланади?
Функцияни ишга тушириш учун алоҳида бот ўрнатиш талаб қилинмайди. Гуруҳ ёки канал профилини очиб, “Таҳрирлаш” бўлимидан “Саломлашув хабари” бандини танлаш ва янги аъзоларга юбориладиган хабарларни киритиш кифоя.

Шу тариқа, канал ёки гуруҳ маъмурлари янги фойдаланувчини автоматик кутиб олиш, унга асосий қоидаларни тушунтириш ва керакли бўлимларга йўналтириш имкониятига эга бўлади.
Хабарлар ичига интерфаол тугмалар жойлаштирилади
Telegram дастурчиларга бир нечта тугмани бевосита хабар матни ичига жойлаштириш имкониятини ҳам берди. Илгари бот орқали алоҳида жараён сифатида ишлаган айрим функцияларни энди битта хабарнинг ўзида ташкил қилиш мумкин.
Интерфаол тугмалар ёрдамида сўровнома ва викториналар ўтказиш, ўйинлар ташкил этиш, маҳсулотларни кўрсатиш ҳамда буюртма қабул қилиш каби автоматлаштирилган жараёнларни яратиш мумкин.

Тугмалар вақтинчалик хабарлар билан бирга ишлатилганда фойдаланувчининг танловига қараб ўзгарадиган бир неча босқичли жараёнларни ҳам тузиш имконини беради. Масалан, фойдаланувчи тугмани босиб маҳсулотни танлаши, кейинги хабарда унинг турини белгилаши ва буюртмани расмийлаштириши мумкин.
Бундай интерфаол хабарлар шахсий чатлар билан чекланмайди. Уларни гуруҳ ва каналларда ҳам эълон қилиш мумкин. Бунда исталган миқдордаги фойдаланувчи битта хабар билан бир вақтнинг ўзида, бироқ бир-биридан алоҳида тарзда ишлай олади.
Масалан, битта гуруҳдаги бир нечта фойдаланувчи айни хабар орқали алоҳида шахмат партияларини бошлаши мумкин. Интерфаол тугмаларни янги аъзолар учун тайёрланган саломлашув хабарларига ҳам жойлаштириш мумкин.
Бироқ саломлашув хабаридан фарқли равишда, автоматлаштирилган тугмалар ва жараёнларни яратиш учун дастурлаш талаб қилинади.
Ҳужжат ва мусиқаларни матн орасига қўшиш мумкин
Telegram’нинг бой матн муҳаррири энди кўпроқ турдаги ички медиафайлларни қўллаб-қувватлайди. Фойдаланувчилар ҳужжатлар, бошқа турдаги файллар ва мусиқаларни хабарнинг охирига бириктириш билан чекланмай, уларни матннинг исталган қисмига жойлаштириши мумкин.

Бой матн муҳарририни очиш учун ёзиш майдонига уч қатордан ортиқ матн киритиш керак. Шундан кейин пайдо бўладиган махсус белги орқали кенгайтирилган муҳаррирга ўтилади.
Янги формат канал ва гуруҳлардаги узун постларда матн, жадвал, расм, ҳужжат ва аудиофайлларни битта яхлит хабар ичида жойлаштириш имконини беради.
Эски версиялар учун янгиланиш тугмаси чиқади
Telegram янги функциялар илованинг эски версияларида тўғри кўрсатилмаслиги эҳтимолини ҳам ҳисобга олган. Агар фойдаланувчининг иловаси юборилган хабар форматини қўллаб-қувватламаса, хабар ўрнида махсус огоҳлантириш пайдо бўлади.

Унга Telegram’нинг сўнгги версиясини юклаб олиш учун тугма жойлаштирилади. Фойдаланувчи шу тугма орқали иловани янгилаб, янги форматдаги хабарни очиши мумкин.
Android қурилмаларида автоматик янгиланишни Play Market созламаларидаги “Иловаларни автоматик янгилаш” бўлимидан ёқиш мумкин. iOS’да эса бу функция “Созламалар”даги App Store бўлимида фаоллаштирилади.
Маркетплейсдаги ҳадъяларга имзо қўшилади
Telegram Маркетплейси орқали бошқа фойдаланувчилардан сотиб олинган коллексион ҳадъяларга энди имзо ва изоҳ қўшиш мумкин.

Маркетплейсдаги минглаб ноёб ҳадъялар Telegram Stars ёрдамида харид қилинади. Фойдаланувчи харид қилган ҳадъясини бошқа кишига юбораётганда унга шахсий фикр ёки имзо бириктира олади.
Бунинг учун ҳадъя олувчининг профилини очиб, менюдан “Ҳадъя юбориш” бандини танлаш керак. Шундан кейин “Коллексион ҳадъялар” фильтри орқали Маркетплейсдаги ноёб ҳадъялардан бирини сотиб олиб юбориш мумкин.









