Таълим ва тиббиётда энг паст: 2025 йилда Ўзбекистонда ўртача ойлик маош 6,4 млн сўмни ташкил этди
Соғлиқни сақлаш (3,9 млн сўм) ҳамда таълим (4,4 млн сўм) соҳалари энг кам маош тўланадиган йўналишлар сифатида қайд этилди.

2025 йилда Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 6 млн 376,7 минг сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитасига кўра, кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 18,9% га ўсган.
Ҳудудлар бўйича вазият
Ҳудудлар кесимида иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръати Наманган вилоятига тўғри келди. Ҳудудда ўртача иш ҳақи 22,8% га осиб, 4,751 млн сўмни ташкил этди. Ундан кейинги ўринларда Сирдарё вилояти 20,8% га (5,119 млн сўм) ва Жиззах вилояти 20,5% га (4,786 млн сўм) турибди.
Январь-декабрь ойларида ҳудудлар бўйича энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳрида кузатилди — 10 млн 753,8 минг сўм (+18,3%).
Ундан кейинги поғонадан 7,871 млн сўм билан Навоий ҳамда 5,967 млн сўм билан Тошкент вилоятлари жой олди.
Энг кам ойлик маош эса Қашқадарё вилоятида қайд этилди — 4,476 млн сўм.
| № | Ҳудудлар | Ўртача ойлик иш ҳақи | 2024 йилга нисбатан ўсиш |
| 1 | Тошкент шаҳри | 10 753 600 сўм | 18,3% |
| 2 | Навоий вилояти | 7 871 600 сўм | 16% |
| 3 | Тошкент вилояти | 5 967 700 сўм | 16,9% |
| 4 | Андижон вилояти | 5 238 600 сўм | 13,4% |
| 5 | Сирдарё вилояти | 5 119 100 сўм | 20,8% |
| 6 | Бухоро вилояти | 5 093 100 сўм | 17,2% |
| 7 | Хоразм вилояти | 5 052 400 сўм | 18,4% |
| 8 | Қорақалпоғистон Республикаси | 5 003 100 сўм | 15,7% |
| 9 | Жиззах вилояти | 4 786 000 сўм | 20,5% |
| 10 | Наманган вилояти | 4 751 300 сўм | 22,8% |
| 11 | Самарқанд вилояти | 4 737 600 сўм | 17,8% |
| 12 | Фарғона вилояти | 4 730 200 сўм | 19,1% |
| 13 | Сурхондарё вилояти | 4 481 800 сўм | 17,4% |
| 14 | Қашқадарё вилояти | 4 476 700 сўм | 18,2% |
Тармоқлар бўйича иш ҳақи
2025 йилда соҳалар кесимида ойлик иш ҳақининг энг юқори ўсиши (26,4%) санъат ва дам олиш йўналишларида кузатилди, ўртача ойлик иш ҳақи эса 5,448 млн сўмни ташкил этди. Ундан кейинги юқори ўсиш таълим соҳасига тўғри келди (20,1%), ўртача иш ҳақи эса 4,372 млн сўмга етди.
Банк ва суғурта соҳаси энг юқори ойлик маош бўйича ҳали ҳам етакчи бўлиб қолмоқда. Ўтган йилда бу йўналишдаги ўртача ойлик иш ҳақи 17,597 млн сўмни ташкил этди.
Банк ва молия соҳасида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи мажбурий ижтимоий суғурталашдан ташқари, қайта суғурталаш ва нафақа жамғармалари (22,296 млн сўм) ҳамда молиявий хизматлар ва суғурталаш (19,123 млн сўм) фаолиятида кузатилди.
Кучли учликдан эса 15,298 млн сўм билан ахборот ва алоқа (+15,8) ҳамда 9,66 млн сўм билан ташиш ва сақлаш (+18,9) соҳалари жой олди.
Хусусан, ахборот ва алоқа соҳасида энг юқори ўртача маош қуйидаги йўналишларида қайд этилди:
- дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар — 19,673 млн сўм;
- ахборот хизматини кўрсатиш — 18,886 млн сўм;
- алоқа соҳаси — 12,174 млн сўм;
Бу даврда энг паст иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида (3,9 млн сўм) қайд этилиб, ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,5% бўлди.
Таълим соҳасида ўртача ойлик маошнинг энг юқори кўрсаткичи олий таълимда қайд этилди — 10,16 млн сўм. Энг паст иш ҳақи эса мактабгача таълимга тўғри келади — 2,868 млн сўм. Техник ва профессионал таълимда ўртача маош 4,278 млн сўмни ҳамда умумий ўрта таълимда 4,278 млн сўмни ташкил этди.









