11 934.610 so‘m

decrease

-17.490

13 788.050 so‘m

increase

8.470

144.640 so‘m

decrease

-0.570

11 934.610 so‘m

decrease

-17.490

3 соат аввал
Технология
58

Сунъий интеллект бир пайтлар 14,7 млрд долларга баҳоланган компанияни қандай деярли йўқ қилди?

Chegg 2021 йилда қарийб 14,7 млрд долларга баҳоланган ва онлайн таълим бозорининг энг истиқболли компанияларидан бири эди. 

Орадан беш йил ўтиб, унинг бозор қиймати 110 млн доллар атрофида қолмоқда, йиллик даромади эса икки баравардан кўпроққа қисқарган. 

Компания ҳали ёпилгани йўқ, бироқ ChatGPT ва бошқа сунъий интеллект воситалари унинг асосий бизнес моделини деярли йўққа чиқарди. 

Сунъий интеллект бир пайтлар 14,7 млрд долларга баҳоланган компанияни қандай деярли йўқ қилди?

Chegg тарихи талабаларга тайёр жавоб сотишдан бошланмаган. Компания 2005 йилда Айова штати университети талабалари томонидан ташкил этилиб, дастлаб қиммат университет дарсликларини онлайн ижарага бериш билан шуғулланган.

Бизнес ғояси оддий эди. Ўша пайтларда талабалар одатда бир семестргина фойдаланадиган китобларни юзлаб долларга сотиб олар эди. Chegg дарсликларни анча арзон нархда ижарага бериб, талабалар харажатини камайтирадиган хизматни яратди.

Компания 2010 йилда дарсликлардаги масалалар ечими ва экспертларнинг жавобларини жамлаган Cramster платформасини сотиб олди. Айнан шу битим кейинчалик Chegg Study хизматининг шаклланишига асос бўлди.

Эндиликда талабалар ойлик обуна эвазига миллионлаб савол ва масалаларнинг босқичма-босқич ечимларини кўриши, мутахассисларга савол юбориши ҳамда имтиҳонларга тайёргарлик кўриши мумкин эди.

Chegg шу тариқа дарсликлар ижараси билан шуғулланувчи компаниядан катта ҳажмдаги академик жавоблар базасига эга рақамли платформага айланди.

Биржада 1,1 млрд долларлик дебют

Chegg 2013 йил ноябрда Нью-Йорк фонд биржасига чиқди. IPO доирасида 15 млн дона акция 12,50 доллардан таклиф қилинди. Бу дастлаб кутилган 9,50–11,50 долларлик диапазондан юқори эди.

Жойлаштириш орқали 187,5 млн доллар жалб қилинди ва Chegg’нинг тўлиқ суюлтирилган бозор қиймати қарийб 1,1 млрд долларга етди. J.P. Morgan ва BofA Merrill Lynch IPO’нинг етакчи ташкилотчилари бўлган, дейилади компания маълумотида.

Кейинги йилларда компания жисмоний китоблар ижарасидан юқори даромадли рақамли обуналарга тобора кўпроқ ўтди. Chegg’нинг асосий активи унинг йиллар давомида тўпланган академик контенти эди.

Талаба масала ечимини мустақил излаб соатлаб вақт сарфлаш ўрнига Chegg’га саволни киритиб, тайёр жавобни топиши мумкин эди. Бундай хизмат, айниқса, бошқа талабаларда ҳам учрайдиган стандарт топшириқ ва дарслик масалаларида самарали ишларди.

Бироқ платформа ўқитувчилар томонидан танқид ҳам қилинди. Chegg ўқув ёрдами сифатида тақдим этган хизматдан айрим талабалар топшириқ ва имтиҳонларни мустақил бажармасдан топшириш учун фойдаланарди.

Пандемия Chegg’ни 14,7 млрд долларлик компанияга айлантирди

COVID-19 пандемияси Chegg учун мисли кўрилмаган имконият яратди. Университетлар масофавий таълимга ўтгач, рақамли дарсликлар, онлайн репетиторлик ва уй вазифалари бўйича ёрдамга талаб кескин ошди.

Компания даромади 2020 йилда 56,8 фоизга ўсиб, 644,3 млн долларга етди. 2021 йилда эса яна 20,5 фоизлик ўсиш қайд этилиб, тушум рекорд даражадаги 776,3 млн долларни ташкил қилди.

Chegg акциялари 2021 йил февралда 113,51 долларгача кўтарилди. Натижада компаниянинг бозор қиймати тахминан 14,7 млрд долларга етди. Бу IPO пайтидаги баҳодан 13 баравардан ҳам кўп эди.

Бироқ бу ўсишнинг бир қисми пандемия яратган вақтинчалик талабга асосланган эди. Талабалар аудиторияларга қайтиши билан онлайн таълим компанияларига қизиқиш пасая бошлади ва Chegg акциялари ChatGPT ишга туширилишидан олдин ҳам юқори нуқтадан анча тушиб улгурганди.

Шу сабабли компаниянинг кейинги таназзулини фақат сунъий интеллект билан изоҳлаш тўғри эмас. Бироқ AI аввалги пасайишни Chegg’нинг мавжудлигига таҳдид соладиган инқирозга айлантирди.

ChatGPT Chegg сотаётган маҳсулотни бепул тақдим этди

OpenAI 2022 йил ноябрда ChatGPT’ни оммага тақдим этди. Янги чатбот фойдаланувчиларга савол бериш, масалаларни ечиш, мураккаб мавзуларни тушунтириш ва қўшимча изоҳ талаб қилиш имконини берарди.

Бу Chegg учун оддий рақобатчи эмасди. ChatGPT компания пул эвазига сотаётган асосий хизматни (саволга тезкор ва тушунарли жавоб олиш имкониятини) бепул тақдим этди.

Chegg’да талаба мавжуд жавоблар базасидан керакли ечимни қидириши керак эди. ChatGPT эса айнан шу талабанинг саволига мос жавобни бир неча сонияда яратиб берарди. Жавоб тушунарсиз бўлса, уни соддалаштириш, бошқа усулда ечиш ёки ҳар бир босқичини алоҳида тушунтиришни сўраш мумкин эди.

Chegg раҳбарияти дастлаб сунъий интеллект компания учун янги имконият яратишини таъкидлади. Бироқ 2023 йил мартдан бошлаб талабалар орасида ChatGPT’га қизиқиш кескин ошгани ва бу янги обуначилар сонига таъсир қилаётгани сезилди.

Компания раҳбари Дэн Розенсвейг 2023 йил майда бу ҳолатни инвесторлар олдида очиқ тан олди. Шундан сўнг Chegg акциялари бир савдо кунида 48 фоизга қулади ва компания қарийб 1 млрд долларлик бозор қийматини йўқотди.

Бу Chegg’нинг йиллар давомида тўплаган жавоблар базаси энди етарлича кучли рақобат устунлиги эмаслигини кўрсатди. Сунъий интеллект мавжуд жавобни топиш билан чекланмай, ҳар бир фойдаланувчи учун янгисини яратиши мумкин эди.

Даромаднинг ярми йўқолди

Сунъий интеллект таъсири кейинги йилларда компаниянинг молиявий ҳисоботларида ҳам кўрина бошлади.

Chegg даромади 2021 йилдаги 776,3 млн доллардан 2025 йилда 376,9 млн долларгача қисқарди. Тўрт йил ичида компания йиллик тушумининг 399,4 млн доллари ёки 51,5 фоизини йўқотди.

Айниқса, 2025 йилда пасайиш тезлашди. Йиллик даромад 39 фоизга камайди, соф зарар эса 103,4 млн долларни ташкил этди. Тўртинчи чоракда тушум йиллик ҳисобда 49 фоизга тушиб, 72,7 млн долларгача қисқарди.

2026 йил биринчи чорагида ҳам тикланиш кузатилмади. Компания даромади яна 48 фоизга камайиб, 63,3 млн долларни ташкил этди. Chegg’нинг анъанавий академик хизматлари 45,7 млн доллар даромад келтирган.

Компания харажатларни кескин камайтиргани сабаб чоракни 228 минг долларлик кичик соф фойда билан якунлади. Бироқ бу хизматга талаб қайта тикланганини эмас, Chegg аввалгидан анча кичик компанияга айланганини кўрсатади.

Мингдан ортиқ ходим ишдан айрилди

Даромад ва фойдаланувчилар сонининг камайиши Chegg’ни бир неча марта оммавий қисқартириш ўтказишга мажбур қилди.

Компания 2024 йил июнда 441 нафар ходим ёки глобал ишчи кучининг 23 фоизини қисқартирди. 2025 йил майда яна 248 та иш ўрни тугатилди.

Орадан беш ой ўтиб, Chegg қолган ходимларининг қарийб 45 фоизини ташкил этувчи яна 388 кишини ишдан бўшатишини эълон қилди. Шу тариқа, уч босқичда жами 1 077 та лавозим қисқартирилди.

Chegg АҚШ ва Канададаги офисларини ёпиш, маркетинг харажатларини камайтириш ҳамда янги маҳсулотларни ишлаб чиқишга сарфланадиган маблағни қисқартиришга ҳам қарор қилди.

Компания 2025 йилдаги реструктуризация натижасида 2026 йилда 100–110 млн доллар тежашни режалаштирган.

Google ҳам Chegg’дан фойдаланувчиларни олиб қўйди

Chegg нафақат ChatGPT билан рақобатга, балки Google қидирув тизимидаги ўзгаришларга ҳам дуч келди.

Авваллари талаба Google’га савол ёзганда, қидирув тизими уни Chegg саҳифасига йўналтириши мумкин эди. AI Overviews жорий этилгач, Google саволга сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган жавобни қидирув саҳифасининг ўзида кўрсата бошлади.

Натижада фойдаланувчида Chegg сайтига кириш эҳтиёжи камайди.

Компания 2025 йил февралда Google’ни судга берди. Chegg’нинг даъвосига кўра, Google нашриётлар контентидан AI жавобларини яратишда фойдаланиб, кейин фойдаланувчиларни асл манбаларга ўтказмай қўймоқда.

Chegg маълумотларига кўра, 2025 йил январда обуначи бўлмаган фойдаланувчиларнинг сайтга ташрифи бир йил ичида 49 фоизга камайган. Google эса айбловларни рад этиб, AI Overviews фойдаланувчиларни кенгроқ доирадаги манбаларга йўналтиришини билдирган.

14,7 млрд доллардан 110 млн долларгача

Акциялар нархининг кескин тушиши Chegg’нинг Нью-Йорк фонд биржасидаги листингини ҳам хавф остига қўйди.

NYSE 2025 йил декабрда компания акцияларининг ўртача нархи кетма-кет 30 савдо куни давомида талаб этиладиган 1 долларлик чегарадан паст бўлгани ҳақида огоҳлантирди.

Chegg 2026 йил 1 июнда минимал нарх талабига қайта мослашди. Шу сабабли компания биржадан чиқарилган эмас. Бироқ акциялар нархи ҳануз 1 доллар атрофида қолмоқда.

Июль охирида Chegg’нинг бозор қиймати қарийб 110 млн долларни ташкил этган. Бу 2021 йилдаги 14,7 млрд долларлик энг юқори баҳога нисбатан 99 фоиздан ортиқ пасайишдир.

Яъни бир пайтлар инвесторлар қарийб 15 млрд долларга баҳолаган компания бугунга келиб айрим ўрта ҳажмдаги стартаплардан ҳам арзон туради.

Энди Chegg сунъий интеллектни ўқитмоқчи

Вазиятнинг энг қизиқ томони шундаки, сунъий интеллект Chegg’нинг эски бизнесини емиргач, компания энди айнан AI бозоридан янги даромад манбаи изламоқда.

Chegg корпоратив таълим, тил ўрганиш ва касбий кўникмалар йўналишига ўтишни бошлаган. Унинг Skilling бўлими 2026 йил биринчи чорагида 17,6 млн доллар даромад олди. Бу бир йил аввалгидан 9 фоизга кўп, бироқ жами тушумнинг атиги 28 фоизига тенг.

Бундан ташқари, компания 2026 йил майда ўзининг йиллар давомида тўпланган академик контенти ва экспертлар тармоғидан сунъий интеллект моделларини ўқитиш ва баҳолашда фойдаланишини эълон қилди.

Шу тариқа, бир пайтлар Chegg’нинг асосий бизнесини издан чиқарган технология энди компаниянинг омон қолиш стратегиясига айланмоқда.

Chegg ҳали бутунлай йўқ бўлган компания эмас. У фаолият юритмоқда, биржада савдо қилинмоқда ва янги бизнес моделини топишга уринмоқда.

Бироқ унинг тарихи рақамли бизнес учун муҳим сабоқ бўлиб қолди. Chegg’нинг йиллар давомида тўплаган жавоблар базаси кучли ҳимоя воситасидек кўринган эди. Аслида эса бу устунлик жавобларни топиш қийин ва қиммат бўлиб турган даврдагина ишлаган.

Сунъий интеллект худди шу маҳсулотни тезроқ, қулайроқ ва деярли бепул тақдим эта бошлагач, 14,7 млрд долларлик компаниянинг асосий қиймати бир неча йил ичида йўққа чиқди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+