Starlink сунъий йўлдош интернети Қозоғистонда ишга тушди
Қозоғистонда абонент тўлови ойига тахминан 50–60 доллар, ускунанинг ўзи эса 500 долларга яқин бўлиши кутилмоқда.

SpaceXʼнинг шўба компанияси Starlink Қозоғистонда сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги интернет хизматларини тақдим этишни бошлади.
Бу ҳақда Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги (Рақамли вазирлик) матбуот хизмати хабар берди.
2025 йил 13 августдан бошлаб, Starlink Қозоғистон Республикаси ҳудудида расмий равишда хизмат кўрсатишни бошлади. Бу орқали паст орбитадаги SpaceX сунъий йўлдошлари орқали юқори тезликли ва ишончли интернетга уланиш имконияти яратилади.
Рақамли вазирлик раҳбари Жаслан Мадиев ижтимоий тармоқларда:
"Бир йил давомида биз Starlink ҳамда давлат хизматлари ва регуляторлари позицияларини яқинлаштириш бўйича музокаралар олиб бордик. Бугун Starlink Қозоғистонни расмий иштирок харитасига қўшди", — дея таъкидлади.
2025 йил 12 июнда вазирлик билан Starlink компанияси ўз хизматларида республика қонунчилигига риоя қилиш мажбуриятини мустаҳкамловчи келишув имзолаган.
Ҳозирда Starlink дунёнинг 100–130 та давлат ва ҳудудида фаолият юритиб, фойдаланувчиларга юқори тезликли интернет хизматларини таклиф этади. Starlink антеннаси орқали интернет тезлиги ўртача 150–200 Мбит/сни ташкил қилади.
Қозоғистонда абонент тўлови ойига тахминан 50–60 доллар, ускунанинг ўзи эса 500 долларга яқин бўлиши кутилмоқда.