SQB Кузатув кенгаши таркибига Franklin Templeton вакили киритилди
Кенгаш таркибига Franklin Templeton’нинг инвестициялар бўйича катта мутахассиси Метю Жон киритилди. У, шунингдек, Тошкент Республика фонд биржаси Кузатув кенгаши таркибида ҳам мавжуд. Мазкур ўзгариш компания бошқарувидаги UzNIF таркибидаги корхоналарни IPO’га тайёрлаш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Кузатув кенгаши таркибида ўзгариш юз берди. Бу ҳақда банк корпоратив маълумотида маълум қилинди.
Ҳужжатга кўра, Кузатув кенгашининг мустақил аъзоси Джарболова Саида Шаризатовнанинг ваколатлари муддатидан аввал тугатилди.
Унинг ўрнига кенгаш таркибига Анселл Метю Жон киритилди. Метю Жон Franklik Templeton таркибидаги “Franklin Templeton Asset Management” ХК МЧЖ вакили бўлиб, у ерда инвестициялар бўйича катта мутахассис сифатида фаолият юритади.
Метю Жон, шунингдек, “Тошкент” Республика фонд биржаси Кузатув кенгаши таркибида ҳам мавжуд. Аввалроқ, “Ўзбекгидроэнерго” Кузатув кенгашига ҳам мазкур компания вакиллари киритилган эди.
Бунга сабаб сифатида юқоридаги компанияларнинг маълум улушлари Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) портфелида эканлигини кўрсатиш мумкин. Ушбу жамғарма активлари 2025 йил май ойидан бери Franklik Templeton бошқарувида.
Қарийб 2,5 млрд долларлик активларни бошқараётган UzNIF 2026 йилда активларининг камида 30 фоизини IPO’га чиқармоқчи. Бунда жойлаштириш Тошкент ва Лондон биржаларида дуал листинг шаклида амалга оширилади.
Айни пайтда жамғарма портфели қуйидагича шаклланган:
| T/r | Номланиши | Жамғарма улуши (%) |
| 1 | “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ | 40 |
| 2 | “Иссиқлик электр станциялари” АЖ | 25 |
| 3 | “Ўзбекгидроэнерго” АЖ | 40 |
| 4 | “Ўзбектелеком” АЖ | 30 |
| 5 | “Uzbekistan airways” АЖ | 25 |
| 6 | “Темирйўлинфратузилма” АЖ | 40 |
| 7 | “Ҳудудгазтаъминот” АЖ | 40 |
| 8 | “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ | 25 |
| 9 | “Ўзбекистон МЕТ” АЖ | 40 |
| 10 | “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ | 40 |
| 11 | “Ўзбекинвест” АЖ | 40 |
| 12 | “Ўзсувтаъминот” АЖ | 40 |
| 13 | “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ | 40 |









