Сўнгги йилларда илк бор иш ҳақи уй-жой нархларига нисбатан тезроқ ўсишни бошлади — МБ
Ўзбекистон уй-жой бозорида сўнгги йилларда илк бор реал барқарорлашув кузатилди. Бозор ва фундаментал нарх ўртасидаги фарқ йил бошидаги 17 фоиздан 4 фоизгача қисқарди, таклиф кескин ошди, спекулятив талаб эса пасайди. Миллий валютада уй нархлари 4,9 фоизга, долларда 6,2 фоизга тушди. Шунингдек, иш ҳақлари 17 фоизга ошиб, уй-жой нархлари билан нисбати манфий даражага (-0,3) кирди.

Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут тобора қисқариб, бозор мувозанат ҳолатига яқинлашмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигига оид молиявий барқарорлик бўйича шарҳида қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, иккинчи чорак якунида уй-жойнинг бозор қиймати билан фундаментал нархи ўртасидаги фарқ атиги 4 фоизни ташкил этди. Йил бошида бу кўрсаткич 17 фоиз бўлган эди. Фундаментал нарх бир квадрат метр учун 9,1 миллион сўм этиб баҳоланган бўлса, бозор нархи ўртача 9,4 миллион сўм даражасида шаклланган.
Марказий банк иқтисодчилари таърифлашича, уй-жой бозорида таклифнинг сезиларли кўпайиши ва спекулятив харидларнинг камайиши мувозанатга яқинлашувнинг асосий омилларидан бири бўлди. Ушбу жараён аҳолининг уй-жой бозоридаги харид қобилияти пасайишининг тўхташига ҳам хизмат қилган.
Йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган қурилиш ишлари ҳажми 137,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 17 фоизига тенг бўлиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 72 фоиз ўсиш қайд этилди. Шу билан бирга, қурилиш-монтаж ишлари бўйича нархларнинг йиллик ўсиш суръати 6,3 фоиз даражасида шаклланди.
Спекулятив талабнинг қисқарганига яна бир ишора ижара бозоридаги ўсиш суръатининг секинлашувидир. Июнь ойининг охирига келиб йиллик ижара ставкалари 12 фоизга ошди, бу эса кўчмас мулкни инвестиция сифатида харид қилишнинг аввалгига қараганда камроқ даромад келтираётганини кўрсатади.
Июль бошида уй-жой нархлари аҳолининг жон бошига тўғри келадиган ЯИМга нисбатан 22 фоизга тенг бўлди. Бу ўтган йилга қараганда 4 фоиз паст кўрсаткичдир. Қурилиш ҳажмининг ортиши фонида нархлар миллий валютада 4,9 фоизга пасайди, долларда ҳисобланганда эса тушиш 6,2 фоизни ташкил этди — бу миллий валютадаги ўзгаришлар таъсирини янада яққол кўрсатади.

Ўзбекистон бозорида 2021 йилдан бери илк бор иш ҳақи ўсиш суръатлари уй-жой нархларидан юқорироқ бўлди. Йилнинг биринчи ярмида ўртача номинал иш ҳақи 17 фоизга ошди, кўчмас мулк нархларининг иш ҳақи билан солиштирилган индекси эса -0,3 даражасига қисқарди. Бу аҳолининг уй-жой сотиб олишдаги реал имкониятлари яхшиланганини англатади.
Шунга қарамай, кўчмас мулк бозорида талаб юқори бўлиб қолмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири — ўз уйига эга бўлмаган 157,3 минг оила мавжудлиги. Йилнинг биринчи ярмида 177,5 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномаси расмийлаштирилди. Бу ўтган йилга нисбатан 11 фоиз кўпдир. Шунингдек, харидорларнинг ҳар олтинчиси, яъни 31,6 минг киши уй хариди учун ипотека кредитидан фойдаланган.

Ипотека кредитларининг ўртача ҳажми 2024 йил баҳоридан бери 300 миллион сўм атрофида сақланиб келмоқда. Шу билан бирга, ипотека шартлари бироз юмшади: кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси бир йил давомида 0,4 фоизга пасайиб, 19,2 фоизни ташкил этди, ўртача муддати эса 6 ойга узайиб, 17,2 йилга етди.









