Solfy иши бўйича томонлар қарама-қарши баёнотлар берди
Solfy асосчисининг юридик маслаҳатчиси Amsterdam & Partners LLP Миллий банкни (Ўзмиллийбанк) маъмурий ресурслардан фойдаланган ҳолда босим ўтказиш ва ёлғон ахборот тарқатишда айблаб, Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллади.
Ўз навбатида, Миллий банк бу даъволарни асоссиз деб атаб, ҳуқуқий жараёнлар давом этаётган бир пайтда изоҳ беришни рад этмоқда.
Низо марказида платформа раҳбарининг ҳибсга олиниши ва инвестициявий келишувларнинг бузилган бўлиши мумкинлиги ётибди.

Solfy Uzbekistan финтех платформаси атрофидаги низо юзасидан томонлар бир-бирига зид баёнотлар берди. Solfy асосчисининг халқаро юридик маслаҳатчиси Amsterdam & Partners LLP Ўзбекистон Миллий банкини тижорат низосида босим ўтказиш ва нотўғри ахборот тарқатишда айблади. Миллий банк эса бу айбловларни асоссиз деб ҳисоблаб, музокаралар ва ҳуқуқий жараёнлар давом этаётган бир пайтда изоҳ беришни ноўрин деб билдирди.
Amsterdam & Partners баёнотида Миллий банкнинг 2026 йил 4 апрелдаги чиқиши “ҳақиқатга зид” деб баҳоланган. Юридик фирма фикрича, глобал бозорларда шаффофлик ва комплаенсга талаб кучайган бир вақтда давлат банки томонидан нотўғри ахборот тарқатилиши халқаро инвесторлар учун хавотирли сигнал ҳисобланади.
Фирма, шунингдек, Solfy билан олиб борилаётган келишув музокаралари жараёнида банк давлат маъмурий ресурсларидан фойдаланган ҳолда хусусий тижорат низосига босим ўтказганини даъво қилмоқда. Баёнотда маҳаллий CEO Уктам Хасановнинг ҳибсга олиниши ва ушлаб турилиши банк манфаатларига мос келадиган келишувга эришиш учун қўлланган босим чораси сифатида талқин қилинган. Amsterdam & Partners унга қўйилган айбловлар фактик ва ҳуқуқий асосга эга эмаслигини ҳам таъкидлаган.
Юридик фирма бундай ҳаракатлар Ўзбекистоннинг халқаро шартномалар ва стандартлар бўйича мажбуриятларига зид эканини билдирган. Гап, хусусан, қонуний жараён, инвесторларни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқ устуворлиги тамойиллари ҳақида бормоқда.
Amsterdam & Partners ушбу масала юзасидан Ўзбекистон президентига расмий мурожаат қилганини маълум қилди. Мурожаатда ҳибсда сақланаётган шахсни зудлик билан озод қилиш ҳамда адолатли ечим топиш учун виждонан музокараларни қайта бошлаш сўралган. Фирма тегишли халқаро ташкилотларга ҳам расмий хатлар юборилганини билдирган.
Бундан ташқари, Amsterdam & Partners яқин вақт ичида Лондонда глобал матбуот анжумани ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди. Унда Solfy иши ҳамда Ўзбекистонга оид бошқа масалалар муҳокама қилиниши айтилган.
Ўз навбатида, Миллий банк барча тижорат муносабатларида ҳалолликнинг энг юқори стандартларига амал қилишини билдирди. Bank баёнотида мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш асосий устувор вазифа экани қайд этилган.
Миллий банк Solfy билан музокаралар ва улар билан боғлиқ ҳуқуқий жараёнлар ҳали давом этаётганини таъкидлаган. Шу сабабли банк жараён якунига етмагунча “асоссиз айбловлар”ни шарҳлашни ноўрин деб ҳисоблайди.
Bank, шунингдек, мижозларга хизмат кўрсатиш ҳамда амалдаги барча қонун ва норматив талабларга риоя қилишга эътибор қаратаётганини билдирган.
Аввалроқ Solfy Uzbekistan платформаси Миллий банкни ҳамкорлик шартномасини бузиш ва инвесторларига нисбатан босим ҳамда таҳдидлар йўллашда айблаганди
Батафсил: Solfy ФинТех платформаси NBU’ни шартнома шартларини бузиш ва таҳдид йўллашда айбламоқда









