Швейцария Гулнора Каримова иши бўйича Ўзбекистонга яна 252,5 млн доллар қайтаради
Маблағлар “Ишонч — 2030” жамғармаси орқали таълим ва соғлиқни сақлаш дастурларига йўналтирилади. Янги мактаблар қурилишини қўллаб-қувватлаш, болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдамни яхшилаш ҳамда айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини қайтариш бўйича битим 24 ноябрь куни тасдиқланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар беришича, битим 252,5 млн долларни қайтаришни назарда тутади.
Швейцария Ташқи ишлар департаменти маълумотига кўра, Ўзбекистонга қайтарилаётган активлар Гулнора Каримова ва унга алоқадор шахсларга нисбатан юритилган жиноят ишлари доирасида Швейцарияда мусодара қилинган.
252,5 млн доллар қаерга йўналтирилади?
Маблағларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичини иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Симоне Гигер ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл имзолаган. Стратегияда икки йўналиш устувор деб белгиланган.
- Соғлиқни сақлаш. Болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдамни яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш, айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш.
- Таълим. Мактаб инфратузилмасини яхшилаш, янги мактаблар қурилишини қўллаб-қувватлаш, таълимга рақамли технологияларни жорий этиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш.
Вазирликка кўра, қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳолига устувор аҳамият берилади. Лойиҳалар Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда БМТ ва Жаҳон банки иштирокидаги дастурлар орқали амалга оширилади. Фуқаролик жамияти вакилларининг мустақил мониторингда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.
Биринчи босқичда қанча маблағ йўналтирилган?
Жамғарманинг биринчи босқичида соғлиқни сақлаш ва таълимга 87 млн доллар йўналтирилган. Бу маблағлар оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал ёрдамни яхшилаш ва ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга ажратилган. Иккинчи босқичда қайтарилиши кўзда тутилган сумма биринчи босқичда шу икки соҳага йўналтирилган маблағдан қарийб 2,9 баравар кўп.









