12 012.210 so‘m

increase

7.460

13 731.160 so‘m

increase

39.740

158.140 so‘m

increase

1.030

12 012.210 so‘m

increase

7.460

Якин 1 соат ичида
Технология
48

Шавкат Мирзиёев “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конститутциявий қонунни имзолади

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева марказ ташкил этилишини қарийб ўн йиллик ислоҳотларнинг мантиқий натижаси сифатида қайд этди. Ушбу қонун жаҳон бозорининг энг қимматли активи — ишончга инвестиция экани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конститутциявий қонунни имзолади

Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонунни имзолади. Шу тариқа Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ва унинг махсус ҳуқуқий мақоми Конституциявий қонун даражасида мустаҳкамланди.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева буни жорий йилнинг энг муҳим иқтисодий янгиликларидан бири ҳамда қарийб ўн йилдан буён амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг мантиқий натижаси деб атади.

“Моҳиятан олганда, ушбу қонун жаҳон бозорининг энг қимматли активи — ишончга инвестициядир”, — деди Саида Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, глобал инвесторлар, банклар, инвестиция фондлари ва халқаро молия компаниялари шаффоф тартибга солиш, тушунарли қоидалар ва капиталнинг ишончли ҳимояси мавжуд бўлган муҳитда ишлашга одатланган. Янги марказ Ўзбекистоннинг халқаро капитал ва йирик трансмиллий лойиҳалар учун жозибадорлигини ошириши кутилмоқда.

Марказ нима учун керак?

Ўзбекистон иқтисодиёти ва инвестициялар ҳажми ўсиб бораётган бўлса-да, капитал бозорининг чуқурлиги нисбатан пастлигича қолмоқда.

Хусусан, Pinkod ихтиёрида мавжуд марказ тақдимотида 2025 йилда Ўзбекистон капитал бозори қиймати $23,7 млрдни ташкил этгани, бозор капитализациясининг ялпи ички маҳсулотга нисбати эса 16 фоизга тенг экани қайд этилган. Шунингдек, ушбу кўрсаткич ялпи ички маҳсулот қийматининг қарийб 20 фоизи деб баҳоланиб, жаҳон ўртача даражасидан анча пастлиги кўрсатилган.

Бу маҳаллий компанияларнинг акциялар, облигациялар, хусусий инвестиция фондлари ва бошқа замонавий молиявий воситалар орқали маблағ жалб қилиш имкониятлари ҳали етарлича ривожланмаганини англатади.

Тошкент халқаро молия маркази мазкур бўшлиқни тўлдириш, маҳаллий бизнесни глобал капитал билан боғлаш ҳамда Ўзбекистон молия бозорини халқаро тизимга интеграция қилиш учун ташкил этилмоқда.

Марказ орқали компаниялар янги капитал манбаларидан фойдаланиши, банклар янги мижозлар ва маблағларни жалб қилиши, корпоратив бошқарув сифати эса халқаро талаблар асосида яхшиланиши кутилмоқда.

Англия ҳуқуқи ва мустақил суд

Тошкент халқаро молия маркази алоҳида ҳуқуқий ва тартибга солиш режимига эга ҳудуд сифатида фаолият юритади. Унинг доирасида Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи тамойиллари ҳамда суд прецедентлари қўлланади.

Марказнинг норматив ҳужжатлари инглиз тилида қабул қилиниши, суд ишлари ҳам инглиз тилида юритилиши мумкин. Бу халқаро инвесторлар учун таниш ва олдиндан тушунарли ҳуқуқий муҳит яратади.

ТХММ таркибида молиявий компанияларни лицензиялаш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи мустақил регулятор, Тошкент халқаро тижорат суди ҳамда арбитраж инфратузилмаси фаолият юритади.

Суд тизими биринчи ва апелляция инстанцияларидан иборат бўлади. Инвесторлар шартномаларда қўлланиладиган ҳуқуқни, низони ҳал этиш усули ва жойини танлаш имкониятига эга бўлади.

Марказ резидентларига рўйхатдан ўтиш, лицензия олиш ва бошқа маъмурий жараёнлардан ўтиш учун “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатилади.

Қайси йўналишлар ривожлантирилади?

ТХММ доирасида банк ва инвестиция фаолияти, суғурта, қимматли қоғозлар бозори, активларни бошқариш, тўлов тизимлари, исломий ва яшил молия, молиявий технологиялар ҳамда рақамли активлар билан боғлиқ хизматлар ривожлантирилади.

Шунингдек, халқаро аудиторлик, юридик, консалтинг, комплаенс ва бошқа профессионал хизмат кўрсатувчи ташкилотларни жалб қилиш режалаштирилган.

Марказ резидентларига капитал ва олинган даромадларни эркин репатриация қилиш, белгиланган қоидалар доирасида хорижий валюта ва криптоактивлардан фойдаланиш имконияти берилади.

Хорижий мутахассисларни алоҳида меҳнат рухсатномаларисиз ишга жалб қилиш, улар ва оила аъзолари учун беш йилгача махсус виза режимини жорий этиш ҳам назарда тутилган.

Белгиланган фаолият турлари ва талаблар доирасида резидентлар учун 2076 йилгача махсус солиқ режими амал қилади. У фойда солиғи, ҚҚС, мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда айрим божхона тўловлари бўйича имтиёзларни ўз ичига олади.

Марказ дастлабки йилларида қандай натижалар кутилмоқда?

Тошкент халқаро молия маркази орқали 2030 йилгача Ўзбекистонга қўшимча $20–25 млрд портфель инвестицияларини жалб қилиш мақсад қилинган.

Марказнинг мамлакат иқтисодий ўсишига йиллик ҳиссаси ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизигача етиши кутилмоқда. Шунингдек, инвестициялар ҳажмини 2–2,5 баробар ошириш ва хусусий инвестицияларнинг ЯИМдаги улушини 30 фоизгача етказиш режалаштирилган.

ТХММ фаолияти натижасида молия, ҳуқуқ, технологиялар ва бошқарув соҳаларида 15 мингтагача юқори малакали иш ўрни яратилиши мумкин. Яна 10 минг нафар маҳаллий мутахассис молиявий таҳлил, рақамлаштириш, ESG ва исломий молия йўналишларида малака оширади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон молия бозорига 100 дан ортиқ институционал инвесторни жалб қилиш ва мамлакатда фаолият юритувчи халқаро экспертларнинг барқарор ҳамжамиятини шакллантириш кўзда тутилган.

Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, Тошкент инвесторлар учун тушунарли қоидалар ва капиталнинг юқори даражадаги ҳимоясини таъминлаш орқали жаҳон молия тизимининг узвий қисмига ҳамда минтақадаги иқтисодий ривожланиш марказларидан бирига айланиш сари қадам ташламоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+