Сергей Гимадиев Anorbank Кузатув кенгаши раисининг катта маслаҳатчиси этиб тайинланди
Капиталбанк, Uzum Bank ва Apex bank’да раҳбарлик лавозимларида ишлаган Сергей Гимадиев Anorbank Кузатув кенгаши раисининг катта маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Сергей Гимадиев Anorbank Кузатув кенгаши раисининг катта маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда у ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Гимадиев Сергей Абдулхаевич 1980 йилда Нижний Новгород шаҳрида туғилган. У Тошкент молия институтида банк иши йўналиши бўйича таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини 2005 йилда бошлаган бўлиб, банк-молия соҳасида 20 йилликдан ортиқ иш тажрибасига эга. Фаолияти давомида бир қатор банк ва финтех компанияларида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Хусусан, 2019–2021 йилларда Капиталбанк бошқарув раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, Apelsin рақамли банкини ташкил этиш ва ривожлантириш жараёнларига бевосита раҳбарлик қилган.
2020 йил ноябридан 2023 йил июнь ойигача Uzum Bank (Bank Apelsin) бошқаруви раиси
2023–2024 йилларда Гимадиев Asia Alliance Bank бошқарув раиси лавозимини эгаллаган. 2024 йил май ойида эса Apex Bank бошқарув раисининг ўринбосари лавозимига тайинланган. Бир йил ўтиб, 2025 йил май ойида, банк бошқарув раиси этиб тайинланди.
2025 йил декабрь ойининг бошида унинг Apex Bank бошқарув раиси лавозимидаги ваколатлари тугатилгани маълум бўлди. Унинг ўрнига InFinBank бошқарув раиси лавозимидан озод этилган Олга Нуманова банк бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Аввалроқ Нуманова банкка бошқарув раисининг ўринбосари сифатида ишга ўтган эди.









