12 141.380 so‘m

increase

15.280

14 313.470 so‘m

increase

141.700

160.260 so‘m

increase

1.150

12 141.380 so‘m

increase

15.280

7 соат аввал
Банк
34

Самарасиз давлат банклари қайта тузилиши ёки тугатилиши керак — ХВЖ

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда давлат иштирокидаги тижорат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Жамғармага кўра, сурункали равишда паст молиявий кўрсаткичларга эга банклар бўйича зудлик билан чора кўрилиши, зарур ҳолларда уларни қайта тузиш ёки тугатиш керак. Шунингдек, имтиёзли кредитлаш дастурларини босқичма-босқич қисқартириш ва банк секторини янада рақобатбардош қилиш тавсия этилган.

Самарасиз давлат банклари қайта тузилиши ёки тугатилиши керак — ХВЖ
Фото: AI/Pinkod.uz

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссияси Ўзбекистон бўйича 2026 йилги IV модда доирасидаги маслаҳатлашувларни якунлаб, банк соҳасига оид бир қатор муҳим тавсияларини эълон қилди. Жамғарма мамлакат молия тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш учун давлат иштирокидаги тижорат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.

ХВЖга кўра, давлат банкларини хусусийлаштириш молиявий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодиётда ресурсларни самарали тақсимлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу жараёнда активлар сифати ҳаққоний баҳоланиши, корпоратив бошқарув ва хатарларни бошқариш тизимлари мустаҳкамланиши керак. Шунингдек, малакали стратегик инвесторларни жалб қилиш учун шаффоф тартиб-қоидалар ва рақобатли савдоларни ташкил этиш муҳим.

Жамғарма давлат банкларининг доимий равишда паст молиявий кўрсаткичларга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратди. 

Бундай ҳолатларда ўз вақтида тузатиш чораларини кўриш, жумладан раҳбариятни алмаштириш зарурлиги қайд этилди. Молиявий жиҳатдан заиф банклар эса қайта тузилиши ёки бозордан чиқарилиши керак.

Шу билан бирга, давлат банкларининг давлат функцияларини бажарувчи институтлар сифатида фаолият юритиши молиявий барқарорликка хатар туғдириши ва давлат бюджети харажатларини ошириши мумкинлиги таъкидланди.

ХВЖ банк секторини ислоҳ қилиш доирасида қатор устувор вазифаларни ҳам белгилаб берди. 

Улар қаторига мақсадли ва имтиёзли кредитлаш дастурларини босқичма-босқич қисқартириш, Марказий банкнинг операцион мустақиллигини таъминлаш, активларни аниқ таснифлаш ҳамда банкларнинг тўлов қобилиятини стресс-тестдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш киради.

Шунингдек, жамғарма давлат кредит дастурларида белгиланадиган миқдорий кўрсаткичлар кредит ресурсларининг самарасиз тақсимланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Банк кредитлари бўйича фоиз ставкаларига юқори чек қўйиш амалиётидан қочиш зарурлиги қайд этилди, чунки бу молиялаштириш имкониятларини чеклаб, норасмий секторнинг кенгайишига сабаб бўлиши мумкин.

ХВЖ молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун банклар ўртасида рақобатни кучайтириш, кредит маълумотлари базасини ривожлантириш, кредит баҳолаш моделларини такомиллаштириш, рақамли инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда молиявий саводхонликни ошириш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, жамғарма давлатнинг рақобатбардош соҳалардаги бизнесдан босқичма-босқич чиқиши лозимлигини билдирди. Даромадли давлат корхоналари хусусийлаштирилиши, самарасизлари эса ходимларни қўллаб-қувватлаган ҳолда тугатилиши керак.

ХВЖ хулосасига кўра, банк соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва кредит ресурслари қийматини босқичма-босқич пасайтиришга хизмат қилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+