Райҳон, “Уммон”, Ғайбулла Турсунов ва бошқаларнинг концерт рекламаларида қонунбузилиш аниқланди
Рақобат қўмитаси 27 та концерт рекламасида санъаткорларнинг жонли ижро этиши ёки фонограммадан фойдаланиши ҳақида маълумот берилмаганини аниқлади. Қонунбузилишлар юзасидан тегишли реклама берувчиларга огоҳлантиришлар юборилди.

Рақобат қўмитаси Instagram ва ташқи реклама объектларида жойлаштирилган 27 та концерт рекламасида ижро шакли кўрсатилмаганини аниқлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, Лолита, Ани Лорак, Mayot, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, “Уммон” гуруҳи, Райҳон Ғаниева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Instagram’даги рекламаларида тегишли маълумотлар мавжуд бўлмаган.
Шунингдек, Toxi$, “Машина времени” ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ҳам ижро шакли кўрсатилмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, концерт рекламаларида “Жонли ижро”, “Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз” ёки “Фонограммали концерт дастури” деган маълумотлардан бири аниқ кўрсатилиши шарт.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 44-моддасига кўра, фонограммадан фойдаланилганда унинг даражаси ҳақида маълумот берилиши керак. Ташқи рекламада бу ахборот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим.
Бундан ташқари, ташкилотчилар томоша бошланишидан олдин фонограммадан фойдаланиш ҳақида аудиохабар берилишини таъминлаши шарт.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан реклама берувчиларга рекламаларни қонунчилик талабларига мослаштириш бўйича огоҳлантиришлар юборилган. Қўмита келгусида бундай қоидабузарликлар аниқланса, тегишли таъсир чоралари қўлланилишини билдирди.









