Расмий даромади йўқ шахслар учун кредит олиш йўллари кенгаймоқда
23 июндан бошлаб янги “Альтернатив скоринг” тизими орқали расмий даромади бўлмаган шахсларнинг банк картаси ҳаракатлари, коммунал тўловлари ва бошқа маълумотлари асосида кредит рейтинги шакллантирилади. Бу эса уларнинг кредит олиш имкониятини сезиларли даражада оширади.

2025 йил 23 июндан бошлаб расмий даромадга эга бўлмаган шахслар учун янги кредит ҳисоботи – “Альтернатив скоринг” тизими ишга тушади. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур тизим расмий даромади қайд этилмаган фуқароларга ҳам кредит олиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. “Альтернатив скоринг” орқали фуқароларнинг молиявий интизоми ва тўлов имконияти қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
- сўнгги 12 ойдаги банк картаси орқали амалга оширилган транзаксиялар;
- Мажбурий ижро бюросидаги маълумотлар (шу жумладан, алимент тўловлари);
- сўнгги 12 ойда амалга оширилган коммунал тўловлар.
Мазкур маълумотлар асосида мижознинг тўловга лаёқатлилик даражасини ифодаловчи скоринг бали шакллантирилади. Банклар айнан шу бал асосида қарз ажратиш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилади.
Хизмат нархи қанча?
“Альтернатив скоринг” ҳисоботи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,05 баробари (ҚҚСсиз) миқдорида тўлов ундирилади. Бугунги кунда бу 18 750 сўмни ташкил этмоқда. 2025 йил 1 августдан бошлаб эса, БҲМ ўзгариши муносабати билан нарх 20 600 сўмгача ошади.
Аввалроқ Pinkod Марказий банк таҳлилига асосланиб, маҳсулот харид қилишда банк кредити ва насия савдонинг қайси бири фойдалироқ экани юзасидан таҳлилий мақола эълон қилган эди. Ушбу мақола билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:
Банк кредити ёки насия савдо: қайси бири ҳақиқатан ҳам фойдалироқ?