Қайта ҳисоб-китоблардан сўнг Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти $121,4 млрдга етди
Ўзбекистоннинг 2024-йилги ЯИМИ қайта ҳисоб-китоблардан сўнг 121,4 млрд долларга етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, давлат бюджети ижросини тўлиқ қамраб олиш натижасида 80,9 трлн сўмлик қўшимча қиймат аниқланди.

Ўзбекистоннинг 2024-йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) қайта ҳисоблаш натижасида $121 млрддан ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
17-ноябрь куни Тошкентда ўтказилган халқаро конференция ва матбуот анжуманида қўмита раиси Беҳзод Ҳамраев қайта ҳисоблаш натижалари ва янгиланган макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича маълумот берди.
Якуний ҳисоб-китобларга кўра, 2024-йил учун ЯИМнинг номинал ҳажми амалдаги 1 454,6 трлн сўмдан 1 535,4 трлн сўмга (80,9 трлн сўмга) ёки 5,6% га оширилди. Натижада мамлакат ЯИМи АҚШ доллари ҳисобида $115 млрддан $121,4 млрдга етди.
Қайта баҳолаш шунингдек аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ кўрсаткичини 41,3 млн сўм этиб белгилади. Давлат бюджети ижросининг тўлиқ қамраб олиниши ҳисобига 36,4 трлн сўмлик янги қўшилган қиймат аниқланган.
Соҳалар кесимида қаралганда:
- саноат бўйича қўшимча 12,7 трлн сўм,
- қишлоқ хўжалигида 5,6 трлн сўм,
- қурилишда 10,3 трлн сўм,
- хизматлар соҳасида эса 16,3 трлн сўмлик қўшилган қиймат қайта ҳисобланди.
Маьлумот учун, январь–сентябрь ойлари якунига кўра, мамлакат ЯИМИ 1,3 квадриллион сўмдан ($108,73 млрд) ошди, реал ўсиш суръати эса 7,6% ни ташкил қилган.









