Қаҳрамонжон Олимов ANORBANK Кузатув кенгашидан чиқди
ANORBANK акциядорлари Қаҳрамонжон Олимовнинг Кузатув кенгашидан чиқиш ҳақидаги аризасини қаноатлантирди. Унинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилиб, ўрнига Константин Воистинов сайланди. Олимов кенгашдан чиқиш учун 2 октябрь куни ариза берган эди.

ANORBANK акциядорларининг 28 октябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида Қаҳрамонжон Олимовнинг Кузатув кенгаши аъзоси сифатидаги ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган муҳим фактда маълум қилинди.
Йиғилишда овоз берувчи акцияларнинг 100 фоизи қатнашган. Олимовнинг аризасини қаноатлантириш ва ваколатларини тугатиш тўғрисидаги қарор бир овоздан маъқулланган.
Унинг ўрнига Константин Алексеевич Воистинов Кузатув кенгаши аъзолигига сайланган. Қарорга кўра, унинг ваколатлари Марказий банк розилиги олинганидан кейин кучга киради. Банк бошқарувига номзодни регулятор билан белгиланган тартибда келишиш вазифаси юклатилган.
Олимов 2 октябрь куни Кузатув кенгаши таркибидан чиқиш учун ариза берган эди. Давлат реестри маълумотларига кўра, унга банк акцияларининг 49,4 фоизи тегишли. Яна 50 фоиз улуш Нидерландияда рўйхатдан ўтган Bekamin B.V. компаниясига, қолган 0,6 фоиз эса “Капитал суғурта”га қарашли.
Сентябрь ойида Олимовнинг Интерпол орқали халқаро қидирувга берилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унинг номига ташкилот сайтида қизил билдиришнома жойлаштирилган, бироқ очиқ карточкада қидирув сабаби кўрсатилмаган. The Insider ўз манбасига таяниб, тадбиркор Ўзбекистонда одам ўғирлашга оид иш доирасида сиртдан ҳибсга олинганини ёзган. Кейинчалик Олимовга оид карточка Интерполнинг очиқ сайтидан олиб ташланган.
Олимов эса 16 октябрь куни Франциядаги адвокатлари орқали тарқатилган баёнотида айбловларни рад этиб, уларни тўқима деб атаган ва судда курашаётганини билдирган.
Унинг айтишича, 2025 йил 24 июнда Парижда ўзи ўғирлаб кетилган, икки кун тутқунликда сақланган, қийноққа солинган ва озод қилиниши учун пул тўлашга мажбурланган. Олимов ушбу иш бўйича Францияда беш киши судгача қамоқда сақланаётгани, яна икки шахс суд назоратига олинганини маълум қилган. У ўзи одам ўғирлаш қурбони бўла туриб, айнан шу жиноятда айбланаётганига эътироз билдирган.









