Пул бозори: банклар қисқа муддатли ликвидлик учун учун қимматли қоғозларни фаол гаровга қўймоқда
2024 йил IV чорагида банклараро битимлар ҳажми 33% га ошиб, 149 триллион сўмга етди.
Пул бозоридаги умумий ҳолат
Марказий банк эълон қилган ҳисоботга кўра, 2024 йил IV чорагида пул бозори сезиларли фаоллик кўрсатди. Пул бозорида REPO операциялари ҳажми 1,7 баравар ошиб, уларнинг улуши 72% ни ташкил этди. Фоиз ставкалари пасайиб, ўртача REPO ставкаси 13,2% га тушди. Бу эса давлат қимматли қоғозларининг муомаладаги ҳажми ортгани билан боғлиқ.
REPO операциялари ва ликвидлик
REPO операциялари банклар орасида қисқа муддатли ликвидликни таъминлашга хизмат қилади ва гаров эвазига қисқа муддатли маблағ жалб этиш механизми сифатида ишлайди.
Шунингдек, IV чоракда ликвидлик профицити сезиларли даражада ўсиб, 12,1 триллион сўмдан 18,5 триллион сўмга етди. Бироқ бу ликвидлик банклар ўртасида нотекис тақсимлангани сабабли, пул бозори операциялари ва REPO битимлари ҳажми ортди.
Ликвидлик профицити – бу банк тизимида мавжуд бўлган ортиқча пул маблағлари бўлиб, у иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ёки Марказий банк томонидан тартибга солиш чораларини талаб қилади.
Банк тизимининг умумий ликвидлиги ошганига қарамай, Марказий банк фоиз ставкаларининг кескин ўзгаришини олдини олиш учун 8,5 триллион сўмлик облигациялар чиқариб, ортиқча ликвидликни тартибга солди. Марказий банк облигациялари – бу инфляцияни назорат қилиш ва ликвидликни тартибга солиш мақсадида чиқариладиган восита бўлиб, банкларга қўшимча даромад олиш имконини беради. Бундан ташқари, банклараро операциялар ҳажми 149 триллион сўмга етиб, РЕПО операцияларининг нисбати янада ошди.
Банклараро операциялар ва овернайт битимлар
Ҳисоботга кўра, 2024 йил IV чоракда пул бозори сегментацияси янада чуқурлашди. Банклар ўртасидаги ўзаро битимлар сони 1,3 мингтага етиб, асосий қисми (85%) овернайт операцияларига тўғри келди.
Овернайт операциялар – бу бир кеча давомида бериладиган қисқа муддатли кредитлар бўлиб, банклар ликвидлик танқислиги ёки ортиқчалигини вақтинча мувозанатлаштириш учун фойдаланади.
Бу эса банк тизимидаги қисқа муддатли ликвидлик талабининг юқорилигини кўрсатади. Шунингдек, Марказий банк томонидан амалга оширилган ликвидликни бошқариш чоралари бозор ставкаларини барқарор сақлашга хизмат қилди.
Келгуси прогнозлар
Келгуси чоракда мавсумий валютага талабнинг ошиши, давлат харажатларининг камайиши ва нақд пулларга бўлган эҳтиёж пасайиши сабабли ликвидлик профицити қисқариши кутилмоқда. Шунга қарамай, банклараро бозор ва Марказий банкнинг ликвидликни бошқариш операцияларига талаб юқори бўлиб қолиши прогноз қилинмоқда.