12 447.350 so‘m

increase

86.490

14 545.970 so‘m

increase

66.460

146.080 so‘m

increase

0.420

12 447.350 so‘m

increase

86.490

20 август, 18:19
Солиқ

Президент тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор енгилликларини эълон қилди

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун солиқ енгилликлари, кредитлаш тизимидаги ислоҳотлар, шунингдек  “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили каби қатор янгиликлар жорий этилади. 

Президент тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор енгилликларини эълон қилди
Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва солиққа оид мажбуриятларни соддалаштириш бўйича қатор муҳим янгиликлар жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Аввало, айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта қўшилган қиймат солиғига (ҚҚС) ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғидан озод этилади. Шу билан бирга, тадбиркорлар йил давомида ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйилиш тартибини бузганлик учун жаримага тортилмайди.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан сайёр солиқ текширувларини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади. Видеокамера қўлланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

Кредитлаш ва скоринг тизимидаги ўзгаришлар

Кредитлаш тизимида ҳам муҳим ўзгаришлар кутилмоқда. Эндиликда тадбиркорларга кредит беришда скоринг тизими янада кенгайтирилиб, унда солиқ ва коммунал тўлов интизоми, расмий айланма ва экспорт операциялари каби маълумотлар ҳам инобатга олинади. Келгуси йилдан муқобил скоринг модели ишга туширилади ва кредит олиш шартлари тадбиркорлар учун осонлаштирилади.

Бизнесни 15 дақиқада бошлаш

2026 йилдан яна бир муҳим янгилик – “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили жорий этилади

Бунда, тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзида:

  • электрон рақамли имзо берилади;
  • банкда ҳисобрақам очилади;
  • хоҳишига кўра ижара шартномаси расмийлаштирилади;
  • касса аппарати солиқ органида рўйхатдан ўтказилади;
  • шу йўналишга масъул давлат органларига хабарнома жўнатилади.

Натижада бугунги кунда бир ҳафта вақт оладиган жараён атиги 15 дақиқада якунланади.

Солиқ хатоларига эга тадбиркорларга амнитсия

Президент таъкидлаганидек, бугунги кунда ўтказилган солиқ текширувлари давомида 20 мингдан ортиқ тадбиркорларда 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Бу эса минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига салбий таъсир қилмоқда. 

“Шу боис бугун ўзига хос “амнистия” эълон қиламиз, ушбу текширишлар бўйича жазо қўлланмайди. Бунинг ўрнига 1 ноябргача тадбиркорларимизга барча хато ва камчиликларни ихтиёрий тўғирлаш имкони берилади.

Бир сўз билан айтганда, 1 ноябрдан бошлаб бизнес вакиллари тадбиркорлик рейтингини “тоза саҳифадан” бошлайди”, — деди Президент.

Ҳисоботларни соддалаштириш ва жарималар

Келаси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари бўйича ҳисоботларни шакллантириш мажбурияти тадбиркорлардан олинади ва бу вазифа солиқчилар зиммасига ўтади. Солиқ органлари ҳисоботларни бепул тўлдиради, тадбиркорлар эса 5 кун ичида унга тузатиш киритиш имкониятига эга бўлади

Бундан ташқари, ҳозирги кунда кичик ва йирик бизнес субъектлари кечиктирилган ҳисобот учун бир хил жарима тўламоқда, энг ёмони эса ҳар бир ҳисобот тури учун алоҳида жарима белгиланмоқда. Энди эса Солиқ қўмитасига 1 ноябрдан бошлаб тақдим этилмаган ёки кечиктирилган ҳисоботлар сонидан қатъи назар ягона жарима қўллаш тизимини яратиш топширилди. Шу билан бирга, кичик бизнес учун жарималар миқдори уч баравар камайтирилади.

Айланмадан 1 фоиз солиқ

Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган барча тадбиркорлар келаси йил 1 январдан ягона тартибда айланмадан 1 фоиз солиқ тўлашга ўтказилади. Бу кичик бизнес учун сезиларли енгиллик яратади. 

Масалан, ҳозир айланмаси 100 миллион сўмгача бўлган якка тадбиркор йиллик 12 миллион сўмгача қатъий солиқ тўлаётган бўлса, келаси йилдан унинг солиқ юки 1 миллион сўмдан ошмайди. Ёки айланмаси 100 миллиондан 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркор илгари 30–40 миллион сўм солиқ тўлаган бўлса, энди унинг солиқ юки 3–4 баравар камаяди.

“Умуман, яратилаётган шароитлар орқали якка тадбиркорлар ҳисобида йилига 1 триллион сўм, тасаввур қилаяпсизларми, 1 триллион сўм қолаяпти. Бу – кичик бизнес учун қўшимча ресурс, якка тадбиркорлар ўз бизнесини кейинги босқичга олиб чиқиши учун яна бир имконият”, - деди Президент.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+