12 044.720 so‘m

decrease

-11.180

13 525.020 so‘m

decrease

-47.510

145.460 so‘m

increase

1.300

12 044.720 so‘m

decrease

-11.180

3 дақиқа аввал
Технология
40

Perfectum камида уч йил алоҳида ишлайди: Рақобат қўмитаси VEON’нинг харидига шартли розилик берди

Рақобат қўмитаси Perfectum акцияларининг 100 фоизини VEON гуруҳига сотиш битимига қатор шартлар билан олдиндан розилик берди. Оператор камида уч йил алоҳида фаолият юритиши, амалдаги абонентлар учун 5G FWA тарифлари эса 12 ой сақланиши керак. Абонентларни Beeline ёки гуруҳнинг рақамли платформалари хизматларидан фойдаланишга мажбурлашга ҳам йўл қўйилмайди.

Perfectum камида уч йил алоҳида ишлайди: Рақобат қўмитаси VEON’нинг харидига шартли розилик берди

Рақобат қўмитаси Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган “VEON UZB Holding Ltd” компаниясининг Perfectum операторини тўлиқ сотиб олиш бўйича аризасини кўриб чиқди. Қўмитанинг Махсус комиссияси битимга рақобат ва абонентлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган шартлар асосида олдиндан розилик берди.

Харидор компания Ўзбекистонда Beeline бренди остида ишловчи “Unitel”нинг ҳам 100 фоиз улушига эга. Битим доирасида у Perfectum савдо белгиси остида хизмат кўрсатувчи “Rubicon Wireless Communication” АЖ акцияларини сотиб олади.

Қўмита шартларига кўра, Perfectum камида уч йил давомида алоҳида фаолият юритиши керак. Шунингдек, операторнинг 5G Standalone технологиясини бошқа ҳудудларга кенгайтириш талаби белгиланган.

Амалдаги абонентлар учун 5G FWA — симсиз кенг полосали интернет тарифлари 12 ой давомида сақланиши лозим. Янги абонентларга қулай шартлар яратилиши, интернетнинг ўртача тезлиги эса 300 Мбит/с дан пасайтирилмаслиги керак.

Бундан ташқари, абонентларга шартнома предметига алоқадор бўлмаган талабларни мажбуран юклаш ва уларнинг бошқа мобил операторларга ўтиш эркинлигини чеклаш тақиқланади. Уларни Beeline ёки VEON гуруҳига тегишли рақамли платформалардан фойдаланишга мажбурлаш, рақобатчи хизматлардан фойдаланишини чеклаш ҳам мумкин эмас.

Хизмат кўрсатиш шартларини асоссиз ёмонлаштирмаслик ҳам алоҳида шарт сифатида белгиланган. Абонентларнинг шахсий ва тижорат маълумотлари ҳимоя қилиниши, улардан рақобатни чеклаш мақсадида фойдаланилмаслиги ҳамда қонунчиликка зид равишда хорижий серверларга узатилмаслиги лозим.

Аввалроқ VEON Perfectum’ни қарийб 207 млн долларлик битим доирасида сотиб олишга келишганини эълон қилганди. Ушбу сумма операторнинг тахминан 93 млн долларлик молиявий қарзини ҳам ўз ичига олади. Компания харидни октябрь охиригача якунлашни режалаштирган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+