Payme ярим йилда 206 млрд сўм соф фойда олди
Payme 2026 йилнинг биринчи ярмида асосий молиявий кўрсаткичлар бўйича ўсиш қайд этди. Компаниянинг тушуми 50,6 фоизга, активлари 20 фоизга, соф фойдаси эса 23,6 фоизга кўпайди. Бироқ харажатларнинг тезроқ ошиши ҳисобига соф фойда маржаси 9,1 фоиз пунктга пасайди.

Payme 2026 йилнинг январь–июнь ойларида 205,9 млрд сўм соф фойда олди. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 166,6 млрд сўмга нисбатан 23,6 фоизга кўп. Бу ҳақда компаниянинг чораклик ҳисоботида маълум қилинган.
Компаниянинг тушуми бир йил ичида 327,1 млрд сўмдан 492,7 млрд сўмга етди. Ўсиш 50,6 фоизни ташкил этди.
Бироқ хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар тушумдан тезроқ ошган. Улар 86,5 млрд сўмдан 159,4 млрд сўмга ёки 84,2 фоизга кўпайган.
Шунга қарамай, тушумдан бевосита харажатлар чиқариб ташлангандан кейинги ялпи фойда 333,3 млрд сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 фоизга кўп.
Payme’нинг реклама, сотув, бошқарув ва бошқа кундалик харажатлари ҳам ошган. Уларнинг умумий миқдори 89,2 млрд сўмдан 115,1 млрд сўмга етган.
Хусусан, сотиш билан боғлиқ харажатлар 34,2 млрд сўмдан 60,8 млрд сўмгача ошган. Маъмурий харажатлар эса аксинча, 36,3 млрд сўмдан 24 млрд сўмгача камайган.
Компаниянинг молиявий харажатлари ҳам кескин кўпайган. Улар 243,8 млн сўмдан 9,9 млрд сўмга етган. Шундан 9,7 млрд сўми кредит ва бошқа мажбуриятлар бўйича фоиз тўловларига тўғри келади.
Бундан ташқари, фойдадан тўланган солиқлар 2,7 млрд сўмдан 19,7 млрд сўмгача ошган. Шу сабабли тушум 50,6 фоизга кўпайган бўлса-да, соф фойда ўсиши 23,6 фоизни ташкил этди.
Натижада компаниянинг соф фойда маржаси бир йил ичида 50,9 фоиздан 41,8 фоизгача пасайган. Яъни Payme ҳар 100 сўмлик тушумдан ўтган йилнинг биринчи ярмида қарийб 51 сўм соф фойда олган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 42 сўмгача камайган.
Payme активлари йил бошидан буён 20 фоизга кўпайиб, 863,8 млрд сўмга етди. Компания ҳисобидаги пул маблағлари 623,5 млрд сўмни ташкил этиб, жами активларнинг 72,2 фоизига тенг бўлган.
Шу билан бирга, компаниянинг бир йил ичида тўлаши керак бўлган мажбуриятлари 141,3 млрд сўмдан 204,5 млрд сўмга ошган. Етказиб берувчи ва пудратчилар олдидаги қарздорлик эса 23,7 млрд сўмдан 66,7 млрд сўмга етган.
2025 йил якунида Payme 769,7 млрд сўм тушум ва 390,1 млрд сўм соф фойда олган эди. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида компания ўтган йилги йиллик фойдасининг 52,8 фоизига тенг даромад олди.









