Ўзмиллийбанк 2025 йилнинг 9 ойида энг кўп фойда кўрган тижорат банки бўлди
NBU 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида 1 трлн 450 млрд сўмлик соф фойда кўрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 фоизга юқори бўлиб, банк етакчиликни сақлаб қолди. Ундан кейинги ўринларда SQB 1 трлн 386 млрд сўм ва Ҳамкорбанк 1 трлн 268 млрд сўмлик фойда билан жойлашди.

Ўзбекистон Миллий банки (NBU) 2025 йилнинг январь–сентабр ойларини қамраб олган молиявий ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот натижаларига кўра, Миллий банк бу йил ҳам мамлакатдаги энг кўп соф фойда кўрган тижорат банки бўлиб қолди.
Мазкур даврда банкнинг соф фойдаси 1 трлн 450 млрд сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 фоизга юқори.
Фойда ҳажми бўйича Миллий банк мамлакатдаги барча тижорат банклари орасида етакчиликни сақлаб қолди. Иккинчи ўринни Саноатқурилишбанк (SQB) 1 трлн 386 млрд сўмлик фойда билан эгаллади. Ҳамкорбанк эса 1 трлн 268 млрд сўмлик натижа билан учинчи ўриндан жой олди.
Ҳисобот даврида NBU’нинг фоизли даромадлари 12,9 триллион сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 15,2 фоиз ўсишни кўрсатди. Шу билан бирга, фоизсиз даромадлар ҳажми ҳам 9,3 триллион сўмга етган.
Банк ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа ижтимоий харажатларга 968 миллиард сўм сарфлаган. Шунингдек, даромад солиғи сифатида 278,6 миллиард сўм тўлаган.